Туркманистон Эрон орқали Ироққа газ етказиб беришни режалаштирмоқда. 8 ноябрь куни «Туркмангаз» раҳбари ва Ироқ энергетика вазири Зиёд Али Фадел газ олди-сотди битимининг асосий тижорат шартлари бўйича протоколни имзолади, деб хабар беради Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Ҳужжатга кўра, беш йил ичида «своп» схемаси бўйича Эрон орқали Ироққа йилига 9 миллиард куб метр туркман гази (кунига тахминан 25 миллион куб метр) етказиб берилади.

Туркманистон жаҳон бозорларига энергия етказиб беришни янада диверсификация қилиш сиёсатини давом эттириш ниятида.

Октябрь ойи бошида «Туркмангаз» давлат концерни ва Ироқ электр энергетика вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.

«Хроники Туркменистана» нашрининг ёзишича, Ироқ, айниқса, ёзда энергия таъминотида сурункали муаммоларга дуч келмоқда. Ўз газининг катта заҳираларига қарамай, мамлакат уни нефть ва газ қазиб олиш зоналаридан газ электр станцияларига ташиш учун зарур инфратузилмага эга эмас.

Эрон Ироқнинг энергияга бўлган эҳтиёжининг 1/3 қисмини таъминлайди, бироқ Теҳрон тўловлар билан боғлиқ муаммолар туфайли этказиб беришни тез-тез тўхтатиб туради, бу эса 43 миллион ироқликнинг кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатадиган электр узилишларини янада кучайтиради, дея қайд этади Iraq News.

Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон Туркманистон билан биринчи марта учинчи томон (Газпром) иштирокисиз 1,5 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри қисқа муддатли шартнома тузди. Август ойида Ўзбекистон Туркманистон билан йилига 2 миллиард куб метргача туркман газини етказиб бериш бўйича шартнома тузди. Томонлар, шунингдек, узоқ муддатли шартнома устида ишламоқда — деди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистон 7 октабрдан куз-қиш мавсумида республикадаги «зангори олов» тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилишни бошлади. Газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга тузилган бўлиб, харид ҳажми кунига 9 миллион куб метр — йилига тахминан 2,8 миллиард кубометрни ташкил этади.