Ўтган кунларда таълим тизимига у ёки бу тарзда таъсир ўтказувчи икки ҳужжат қабул қилинди ва эълон қилинди. Мазкур ҳужжатлар қандай ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигини ўрганиб чиқамиз.

Ушбу ҳужжатлардан биринчиси — Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори. Ҳужжат билан 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Тошкент давлат шарқшунослик университетига, шунингдек, Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон давлат педагогика ва Нукус давлат педагогика институтларининг хорижий тил йўналишларига киришда абитуриентлар чет тили бўйича анъанавий тест саволлари блоки ўрнига нутқ кўникмаларини (тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон топширадиган бўлдилар. Нутқ кўникмаларини текширувчи худди шундай имтиҳонларни аттестация пайтида мактаб, лицей ва касб-ҳунар таълим муассасалари хорижий тиллар ўқитувчилари ҳам топширишлари белгиланди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Давлат тест маркази (ДТМ) билан биргаликда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари учун белгиланган мажбурий фанлар мажмуасига хорижий тил фанини киритиш юзасидан асосланган таклиф киритиш топширилди. Ҳужжатда хорижий тиллар ўқитувчилари учун хорижий тил бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

ОТМга киришда асосан грамматик қоидаларни кўр-кўрона ёдлаш даражасини аниқлаб берувчи анъанавий тестлар ўрнига нутқ кўникмаларини текшириш муҳим ва тўғри қадам. Бироқ шу ўринда кўплаб саволлар туғиладики, бу саволларга жавоблар тестларнинг валидлиги ва ишончлилигига жиддий таъсир қилади.

Баҳоловчиларнинг ишончлигиги қандай таъминланади?

Ижодий имтиҳонлар, қоидага кўра, ОТМга ҳужжат топшириш тугалланиши ва кириш тестлари бошланиши оралиғида ўтказилади — бу одатда июлнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Агар, масалан, ёзиш ва гапириш кўникмаларини текшириш учун керак бўладиган энг минимал вақтни — ҳар бир абитуриентнинг ҳар бир кўникмасига 15 дақиқадан олсак (аслида, албатта, ушбу кўникмаларни сифатли текшириш учун кўпроқ вақт керак), у ҳолда фақатгина учта ОТМнинг 27 минг нафар абитуриентини текшириш учун (ўтган йили уларнинг сони тахминан шунча бўлган) 13500 соат талаб қилинар экан.

Бунча сондаги абитуриентларни баҳолашга улгуриш учун, масалан, саккиз соатлик 20 иш кунига 80 нафардан кўпроқ экспертни (баҳоловчини) жалб қилиш талаб қилинади. Ва бу ҳали баҳоларнинг ишончлилигини таъминлаш учун зарур бўлган иккинчи эксперт томонидан баҳоларни модерация қилиш жараёнисиз — модерация экспертлар сонини энг камида 1,5 баробар оширишни тақозо этади.

ОТМга кириш имтиҳонлари, бу — тест топширувчи учун катта аҳамиятга эга бўлган синовдир. Бундай имтиҳонлар таълим тизими иштирокчиларига кучли таъсир кўрсатади (илм-фанда бундай тестлар «high-stakes tests» деб аталади). Бундай муҳим имтиҳонларда тест топширувчилар ишини баҳолаш учун экспертлар жалб қилинганда, уларнинг ташқи ва ички ишончлилигини таъминлаш жуда муҳимдир.

Баҳоловчиларнинг ташқи ишончлилиги ёки баҳоловчилар ўртасидаги ишончлилик (inter-rater reliability), бу — айни бир иш турли баҳоловчилар томонидан баҳоланганда катта тафовутларнинг йўқлиги. Мисол учун, агар бир баҳоловчи бир ёзма ишни 80 баллга, бошқа бир баҳоловчи эса худди шу ишни 65 баллга баҳолаган бўлса, баҳоловчиларнинг ташқи ишончлилиги мавжуд эмаслигини кўрамиз.

Баҳоловчининг ички ишончлилиги (intra-rater reliability), бу — айни бир ишни текширишда баҳоловчининг турли вазиятларда ҳам бир хил ёки ўхшаш баҳони қўйишидир. Масалан, эксперт иш кунининг бошланишида ёзма ишни 70 баллга баҳолаган бўлса, бироқ худди шундай ишга куннинг охирига келиб бундан анча баландроқ ёки пастроқ баҳо қўйса, демак, баҳоловчининг ички ишончлилиги мавжуд эмас.

Баҳоловчиларнинг ташқи ва ички ишончлилигини таъминлаш ва назорат қилишнинг турли усуллари мавжуд. Ушбу усуллардан фойдаланиш нафақат тест топширувчиларга нисбатан адолатни, балки тестнинг валидлилиги ва саралаш сифатини ҳам таъминлайди, аммо бу вақт, пул ва малакали мутахассисларни талаб қилади.

ДТМ хорижий тиллар бўйича миллий сертификат ва педагоглар устамаси учун ўтказилаётган тест синовлари доирасида бир неча йиллардан буён ёзиш ва гапириш кўникмаларини текшириш мақсадида баҳоловчиларни жалб этиб келаётганига қарамасдан, ҳалигача ушбу имтиҳонларга жалб этилаётган баҳоловчиларнинг ташқи ва ички ишончлилигини аниқлаш бўйича бирорта ҳам тадқиқот натижасини эълон қилганича йўқ.

ДТМ тасарруфида керакли тренинглардан ўтган ҳамда ёзиш ва гапиришни баҳолаш мезонларини бир хилда талқин қиладиган етарли сондаги баҳоловчилар борми? Баҳоловчиларнинг ташқи ва ички ишончлилигини таъминлаш ва назорат қилиш учун қандай усуллар қўлланилади? Абитуриент учун жуда ҳам муҳим бўлган имтиҳонда баҳолашга бунчалик кўп одамни жалб қилишда хатари муқаррар бўлган субьективизм ва коррупция омиллари қандай қилиб минималлаштирилади?

Тил кўникмаларини текширишда тестлар сифати қандай таъминланади?

Бошқа бир муҳим масала. Тинглаб тушуниш ва ўқиб тушуниш учун тестларни яратишда абитуриентлар даражасига мос келадиган аутентик (асл, тил эгалари бўлган мутахассислар томонидан яратилган) матнлар ва аудио материаллар керак бўлади. Бундан ташқари, матнлар абитуриентлар учун нотаниш бўлиши керак, акс ҳолда тест ўз кучини йўқотади, чунки у тил кўникмаларини эмас, балки хотирани синайдиган бўлиб қолади. Имтиҳонларда аутентик матнлардан фойдаланиш учун муаллифлик ҳуқуқи эгаларидан рухсат олиш керак бўлади — ахир, давлат органининг муаллифлик ҳуқуқлари ва Ўзбекистон ҳам иштирокчиси бўлган Берн конвенцияси қоидаларини бузиши муносиб иш эмас-ку.

Бундан ташқари, матнлар ва улар асосида тузилган тест топшириқларининг текшириладиган даражага мослигига ишонч ҳосил қилиш учун тест топшириқлари жиддий апробациядан ўтказилиши, шунингдек, тестлар натижаларининг умумқабул қилинган халқаро имтиҳонлар билан корреляцияси (ўзаро мувофиқлиги — тарж.) бўйича тадқиқотлар ўтказилиши керак. Масалан, ДТМ ишлаб чиққан тестининг инглиз тилидан нутқ кўникмаларини CEFR халқаро стандарти бўйича B2 даражасида текширишини иддао қилаётган бўлса, у ҳолда ушбу тестни муваффақиятли топширган шахслар IELTS, TOEFL ёки APTIS бўйича ҳам худди шундай натижани қайд этишлари лозим. ДТМ ушбу вазифаларни сифатли бажара олиши учун етарлича ресурсларга эгами?

Ижодий имтиҳон ўрнига сертификат

Кўп сонли имтиҳон топширувчиларнинг нутқ кўникмаларини қисқа вақт ичида синаб кўришга уриниш тестлар сифати ва натижалар ишончлилигига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Валидлик ва ишончлилик талабларига жавоб бермайдиган тест эса таълим тизими учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиришини ҳисобга олсак, муаммони ҳал қилиш усулларидан бири — тил бўйича ижодий имтиҳон ўрнига ДТМ томонидан бериладиган миллий сертификат ёки Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги тан олган сертификатлардан бирини тақдим қилиш талабини жорий этиш мумкин.

Худди шундай талаб магистратурага топшираётган шахслар учун аллақачон ўрнатилган. Тўғри, абитуриент сертификатни олиш учун маблағ сарфлашига тўғри келади, бироқ, биринчидан, у тасдиқланган рўйхатдан нархи ва бошқа кўрсаткичлари бўйича ўзига мос имтиҳонни танлаши мумкин, иккинчидан, агар биринчи уринишдан керакли баллни тўплай олмаса, қайтадан топшириш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, агар абитуриент юқори балл тўпласа, давлат унга имтиҳондан ўтиш учун тўлиқ харажатларни қоплайди.

Хорижий тиллар ўқитувчилари аттестацияси: нотўғри фокус

Абитуриентларнинг нутқ кўникмаларини синовдан ўтказишда юзага келадиган муаммолар — тестларнинг валидлилиги ва уларнинг текширилаётган даражага мувофиқлиги, баҳоловчиларнинг ишончлилиги, кўп сонли имтиҳон топширувчиларнинг ёзиш ва гапириш кўникмаларини текшириш учун вақт ва ресурслар, аутентик матнлар топиш ва улардан фойдаланишга рухсат олиш — хорижий тиллар ўқитувчиларини аттестациядан ўтказишда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси олдида ҳам муқаррар вужудга келади.

Бироқ аттестация билан боғлиқ бошқа бир муаммо ҳам бор. Тилни билиш ва уни ўргатиш бошқа-бошқа нарсалар эканлиги ҳақида олдин ҳам ёзган эдим. Педагог чет тилини С2 даражасида (CEFR халқаро стандарти бўйича энг юқори даража) билиши мумкин, бироқ унинг синф билан ишлаш, ўқувчиларнинг билим олиш фаолиятини бошқариш, дарсни оқилона ташкил этиш, ўқувчилар билан қайта алоқани ўрнатиш қобилиятлари бўлмаса, унинг тилни билишидан ўқувчиларга фойдаси кам бўлади.

Бу вазиятда инспекцияни биринчи навбатда педагогнинг сифати, педагогик маҳорати даражаси қизиқтириши керак, шунчаки мавҳум «тил билиши» эмас. Демак, урғуни тилни билишни текширишдан педагогик компетенцияларни текширишга йўналтириш зарур.

Дарвоқе, худди шу ҳолат бошқа фанлар учун ҳам тўғри келади — физикани Эйнштейн даражасида биладиган, аммо методикани билмайдиган мутахассис мактаб ўқувчиларига кўп нарса бера олмайди. Бунинг сабаби — XXI аср мактаб таълимидаги асосий парадигма — билимларни етказиш (трансмиссия педагогикаси) эмас, балки замонавий дунёда муваффақиятли ўз ўрнини топиш учун зарур бўлган кўникма ва компетенцияларни шакллантиришдан иборатдир.

Педагоглар аттестациясига қайтсак. Бу ерда ҳам, менинг фикримча, муаммолар сабабини ҳал қилиш лозим, оқибатларини эмас. Хорижий тил ўқитувчилари — хорижий тилга ихтисослашган ОТМлар битирувчилари ва улар тўрт йиллик ўқиши давомида хорижий тилни асосий фан сифатида ўрганишган.

ОТМ ўз битирувчисига давлат намунасидаги диплом берар экан, унинг ўз мутахассислигини билишини тасдиқлайди. Демак, битирувчига филолог ёки хорижий тил ўқитувчиси дипломи берилишидан аввал унинг хорижий тилни етарли даражада билишига ишонч ҳосил қилиш зарур.

Битирувчига диплом беришдан олдин хорижий тилни билиш даражаси текширилса, келажакда хорижий тил ўқитувчилари учун хорижий тил курсларини ташкил қилишга ҳам зарурат қолмайди, яъни уларга ОТМда тўрт йил давомида ўрганмаган нарсасини бир неча ҳафта ёки ойда ўргатишга уриниб ўтирмаймиз.

Мажбурий блок фанларининг кўпайтирилиши: кириш тестлари валидлилигига навбатдаги зарба

Қарорнинг мавҳум оқибатларга олиб келадиган энг мунозарали банди — ОТМга киришда мажбурий фанлар блокига хорижий тилни ҳам қўшиш таклифидир.

Биринчидан, абитуриентлар сони ҳар йили бир миллионга етиши ёки ундан ҳам ошишини ҳисобга олсак, бунчалик кўп сонли кишиларнинг нутқ кўникмаларини (тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзиш, гапириш) қисқа вақт ичида синаб кўришнинг имкони йўқ. Хорижий тил бўйича блок ҳозиргидек грамматик қоидаларни билиш ва қисман ўқиш қобилиятлари бўйича топшириқлардан иборат бўлса, у ҳолда ҳақиқатан ҳам қисқа вақт ичида оммавий равишда текшириш мумкин бўлади, бироқ бундай тест валид бўлмайди: у хорижий тилини билишнинг ҳақиқий даражасини кўрсатмайди.

Иккинчидан, ОТМга киришда абитуриентлар аллақачон бешта: учта мажбурий (45та тест топшириғи) ва иккита мутахассислик фанидан (60та тест топшириғи) тест топширадилар. Бундай тартибнинг репрезентативлик тамойилига жавоб бермаслиги ҳамда асосий мақсади абитуриентнинг танланган мутахассислик бўйича ўқишга тайёргарлик даражасини текшириш бўлган тестнинг валидлилигини оширмаслиги ҳақида ёзган эдим.

Фанлар сонини олтитага ошириш топшириқларнинг умумий сонини ошириш ва тест топшириш вақтини узайтириш ёки бошқа фанлар бўйича топшириқлар сонини қисқартиришни тақозо қилади, бу эса репрезентативлик ва валидлик билан боғлиқ вазиятни янада чигаллаштиради.

Учинчидан, мажбурий ва ихтисослик фанлари ўртасидаги номутаносиблик (тўртта мажбурий фан ва иккита ихтисослик фани) кириш тестларининг ўзининг асосий вазифаси — танланган мутахассислик бўйича ўқишга тайёр бўлган абитуриентларни саралаш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. ОТМга ўз мутахассислигининг асосини ташкил этувчи фанларни яхши биладиган абитуриент керак. Масалан, қишлоқ врачлик пунктига одамларни даволагани борадиган бўлғуси шифокор учун хорижий тилдаги артикл ва сифатдошларни ажрата билишдан кўра биология ва кимё фанларини билиш анча зарурроқ.

Умуман олганда, барча мактаб фанлари боланинг умумий ривожланиши учун муҳимдир ва келажакда мажбурий блокни кенгайтириш, унга мактаб дастуридан янада кўпроқ фанларни киритиш васвасасига қарши туриш қийин бўлади. Саводли мутахассис нима учун айнан унинг фани абитуриент учун ҳаётий муҳим эканини исботлаш учун бир дунё сабабларни келтира олади.

Мактаб ўқувчисининг билим даражаси давлат стандартларига мувофиқлиги у мактаб аттестатини олгунга қадар текширилиши керак, ОТМга киришда эмас. Болани, айниқса, юқори синф ўқувчисини имтиҳонлар ёки баҳолар билан қўрқитиб ўқишга мажбурлаш — таълимнинг энг яхши усули эмас. Педагогикада ташқи (экстринзик) мотивация деб аталадиган бундай мотивация усули керакли натижани бермаслиги мумкин.

ОТМга кириш — энг катта совғами?

Энди ОТМга кириш қоидаларига ўзгартишлар киритаётган иккинчи ҳужжатни кўриб чиқамиз. Бу — президентнинг «„Заковат“» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридир. Ҳужжатга мувофиқ, интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ОТМ талабалари таълимнинг кейинги босқичига (ОТМ, магистратура) базавий тўлов-контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади.

«Заковат» (Россиядаги «Нима? Қаерда? Қачон?» ўйинининг аналоги), бу — умумий эрудиция ва зукколикка асосланган жамоавий интеллектуал ўйин. Бир дақиқа ичида олти ўйинчидан иборат жамоанинг «коллектив» онги ассоциациявий фикрлашдан фойдаланган ҳолда, муҳокамалар йўли билан саволларга жавоб топиши керак ва уларга бериладиган саволлар одатда, қайсидир соҳада махсус, чуқур билимларни талаб қилмайди.

ОТМга кириш тестлари эса, бу — алоҳида олинган абитуриентда танланган мутахассислик бўйича келгусидаги ўқиши учун зарур бўлган махсус билим ва кўникмаларнинг мавжудлигини текширишдир.

Яъни, умумий зукколикка асосланган жамоавий интеллектуал ўйин билан маълум бир соҳа (соҳалар) бўйича билимларни индивидуал текшириш бир-бирига қарама-қарши тушунчалардир. Абитуриентни университетга бундай йўл билан, ҳатто тўлов-контрактга бўлса ҳам, қабул қилиш — масалан, дутор чалиш кўникмасини баҳолаб тиббиёт олийгоҳига ёки таёқ билан сакраш қобилияти орқали юридик ОТМга қабул қилиш сингари, — бўлғуси мутахассисларнинг сифати борасида ўта салбий оқибатларга олиб келиши ммкин.

Шунингдек, «Нима? Қаерда? Қачон?» йўналишидаги ўйинларни кузатиб борадиган ҳар ким ўйинда омаднинг қанчалар муҳим эканлигини яхши билади — у ёки бу ҳисобда жамоага қандай савол тушиши кўп нарсани ҳал қилади, ахир саволларнинг мураккаблик даражаси ҳар хил-ку. «Нима? Қаерда? Қачон?» бошловчиси Борис Крюк бекорга ўйинда кўп нарса волчокка (айланиб, қайси савол тушишини ҳал қиладиган мослама) боғлиқлигини кўп такрорламайди. Абитуриентларни саралашга қаратилган тестлар эса тасодифий омад ва турли имтиҳон топширувчиларга ҳар хил даражада саволлар тушишини истисно қиладиган тестология тамойилларига асосланган бўлиши керак.

Магистратура — шунчаки олий таълимнинг навбатдаги босқичи эмас, у илм-фан ва илмий изланишлар сари қадамдир. Магистратурага ўқишга кираётган мутахассис ўз мутахассислиги бўйича билимлардан ташқари, ўз диссертацияси доирасида ўрганиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида ҳам аниқ тасаввурга эга бўлиши керак. Қандай қилиб «Заковат» ўйинидаги ғалаба бўлғуси тадқиқотчини аниқлаб бериши мумкин?

Назаримда, ОТМга киришни имконият туғилиши билан ўнгу сўлга тарқатиш мумкин бўлган совға сифатида кўришни бас қилиш керак. Бундай муносабат бўлажак мутахассисларнинг сифатига ҳам, олий таълимнинг нуфузига ҳам ижобий таъсир қилмайди.

Умид қиламанки, қабул қилиб бўлинган қарорларни тўғрилаш учун сиёсий ирода топилади, келгусида эса муайян соҳа учун муҳим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари имзолаш учун столга қўйилишдан аввал умумий муҳокамага қўйилади ва улар бўйича мутахассисларнинг фикрлари инобатга олинади. Имтиҳонлар хаёлга келган тажрибани қўллаб кўриш учун майдонча эмас, балки илмий, пухта ўйланган ёндашувни талаб қиладиган соҳадир.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.