Ўзбекистонда коронавирус бўйича эпидемиологик ҳолатининг яхшиланиши аҳолининг маълум бир қисмида ушбу инфекцияга қарши иммунитет шакллангани билан боғлиқ. Бу ҳақда чоршанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда COVID-19га қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

Сўнгги 10 кун ичида аниқланган коронавирус ҳолатлари сони 600 тадан ошмади, 26−27 сентябрь кунлари эса бу рақам 400 дан ошиқроқ бўлди.

Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, аҳолининг бир қисми коронавирус билан касалланиб бўлди, бир қисми эса COVID-19га қарши қисман ёки тўлиқ эмланди, шунинг эвазига уларда иммунитет шаклланди.

«Демак, касаллик охирги марта авж олганида коронавирус заиф иммунитетли аҳолининг бир қисмига юққан. Вазиятларнинг яна кўпайиши вақт ўтиши билан иммунитети пасайган ёки бўлмаган одамларнинг [бошқа] қатлами ҳисобидан содир бўлиши мумкин. Биз аҳолининг 70 фоизида жамоавий иммунитетни шакллантирмагунимизча, вазиятни барқарорлаштиришимиз қийин бўлади», — деди у.

Июль ойи охирида «Газета.uz» Ўзбекистон ҳукумати 1 ноябрга қадар аҳолининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. 28 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда 20 млндан ортиқ дозада вакцина ишлатилган. Биринчи дозани 11,19 млн, иккинчисини — 6,49 млн, учинчиси — 2,52 млндан ортиқ киши олди. 4,37 млндан зиёд киши (18 ёшдан ошган доимий аҳолининг 20 фоиздан кўпроғи) эмлашнинг тўлиқ курсини тамомлаган.

28 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда 12 ёшдан ошган болаларни ота-онаси ёки васийларининг розилиги билан коронавирусга қарши Pfizer препарати билан эмлашга рухсат берилгани ҳақида хабар қилди.