Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Навоиязот» томонидан ишлаб чиқарилган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар биржа савдолари орқали реализация қилинишида нарх манипуляцияси ҳолатларини аниқлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

«Навоийазот» минерал ўғитлар бозорида устун мавқега эга бўлган акциядорлик жамияти ҳисобланади. Қўмитага кўра, жамият, жумладан, 2021−2023 йилларда минерал ўғитларни (карбамид, сульфат аммония, суперфосфат, поливинилхлорид (ПВХ) ва формалин) «Рақобат тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори талабларига зид ҳолда тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда биржа савдоларига қўймаган.

Бундай маҳсулотлар миқдори 57 минг 209 тоннани ташкил этган. Бунинг оқибатида таклифнинг сунъий равишда камайтирилиши нархларнинг ўртача 10 фоиздан 50 фоизгача ошишига олиб келган. Мазкур ҳуқуқбузарликлар натижасида жамият томонидан жами 20,5 млрд сўм асоссиз даромад олинган.

Мазкур қонун талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан Қўмита томонидан «Навоиязот»га нисбатан иш қўзғатилиб рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузилишини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.