Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 20-мактаб ўқувчиси 30 ёшли эркак томонидан «самосуд» қилгани айтилган видеолар тарқалди.

Хабарларда бола синфдош қиз билан ҳазиллашгани учун қизнинг акаси келиб уни мактабдан олиб чиққани, сочини олгани ва қошини куйдиргани, шунингдек, «самосуд» қилиши оқибатида елкаси сингани айтилган. Маҳалла нозири (участковойи) бу ҳолатга чора кўрмаётгани билдирилган.

Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, 16 май куни тумани ИИБга 15 ёшли Б.С. тан жароҳати олгани тўғрисида унинг онаси Ж.И. дан ариза келиб тушганини билдирди.

Терговга қадар текширув давомида бола 20-мактабнинг 9-синфида таълим олиши, у шу мактабнинг 6-синф ўқувчи қизи Қ.А.га севишини айтгани, сўнг қизнинг акаси А.Қ. ҳолатдан хабар топиб, 15 май куни болани ўз уйининг ички томонига олиб кириб, унга тан жароҳати етказгани аниқланган. А.Қ. унинг таъзирини бериш мақсадида Б.С.нинг сочи ва қошини қайчи билан қирқиб, уйидан чиқариб юборган.

Тергов давомида вояга етмаган болага нисбатан содир этилган бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилмоқда, дейилади омбудсман хабарида.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаевнинг 19 май куни маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Орадан бир кун ўтиб, иш 105-модданинг 2-қисми «г», «м» (ўта шафқатсизлик билан қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) бандига қайта малакаланди. Гумонланувчи ҳимоячи ҳуқуқи билан таъминланиб, жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибда ушланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Маълумот учун, судда ушбу айблов ўз исботини топса, айбдор 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.