Денис Соколов — кўчмас мулк соҳасидаги Commonwealth Partnership Uzbekistan (CMWP) халқаро консалтинг компаниясининг ҳамкори ва бош директори, Қироллик дипломли баҳоловчилар институтининг (RICS) аъзоси. У «Кўчмас мулк тили» номли туркум мақолаларида (рус тилида) кўчмас мулк бозорининг тузилиши ва хусусиятлари, унинг ривожланиши бўйича прогнозлар ҳақида сўз юритади.

cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, кўчмас мулк тили

Инсон қадим замонлардан ўз атрофидаги маконни тартибга келтиришга одатланган: бинолар қуради, ерга ишлов беради, йўл солади. Шаҳарларнинг саёҳат вақти биз баҳраманд бўладиган бугунги диққатга сазовор жойлари ва меъморий обидалари — бу аслида юзлаб йиллар олдин савдо майдончалари, маъмурий бинолар, бозорлар, турар жой ва бошқалар вазифасини ўтаган одатдаги объектларнинг ўзгинаси. Ўтган давр ичида инсоният мураккаброқ бинолар, осмонўпар иморатлар, кўприклар, аэропортлар қуришни ўрганди, бироқ моҳият ўша-ўша: инсоният тамаддуни кўчмас мулк билан узвий боғлиқ.

Бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларида кўчмас мулк бозори уй хўжаликлари, мамлакатлар ва корпорациялар моддий фаровонлигининг асоси ҳисобланади. Ривожланган мамлакатларда кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар ЯИМнинг 15−20 фоизини ташкил қилса, Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг ЯИМдаги улуши бор-йўғи 5,4 фоизни ташкил этмоқда. Бу ушбу тармоқнинг инқилобий ўзгаришлар ёқасида эканлигидан далолат.

Биз кўчмас мулк тушунчасига у худди бегона нарсадек қарашга одатланиб қолганмиз, ваҳоланки, унга ҳар куни дуч келамиз. Ўйлаймизки, кўчмас мулк, ипотека, баҳоловчилар, флиппинг деган нарсалар фақат хорижда, бизда бўлса шунчаки квартира ва уй, бирламчи ва иккиламчи бозор, маҳалла, холос. Аммо, биз махсус атама ва тушунчаларни қўлламаслигимиз бошқа мамлакатлардан кескин фарқ қилишимизни англатмайди.

cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, кўчмас мулк тили

АҚШда уй хўжаликларининг жами активларининг 50 фоиздан ортиғи кўчмас мулк ҳиссасига тўғри келади. Америкаликлар эгалик қиладиган барча уй ва хонадонларнинг қиймати барча Америка компанияларининг қийматига тенг. Ўзбекистонда ҳам уй хўжаликлари кўчмас мулкка инвестиция киритишга интилади. Уй хўжаликларининг 95 фоизга яқини ўз уйларида яшайди ва ҳатто ипотека кредитлашнинг суст ривожланаётганлиги ҳам турар жой кўчмас мулк бозорининг ўсишига тўсқинлик қилмайди. Ўзбекистонликлар уй-жойдан ташқари дўконлар ва офис биноларига ҳам инвестиция киритади. Аммо шунчаки инвестиция киритишнинг ўзи етарли эмас. Бинолар шаҳарга фойда, эгасига эса даромад келтириши лозим.

Бугунги кунга қадар [кўчмас мулкка] инвестиция киритишдан асосий мақсад кейинчалик қимматроқ нархда сотиш учун арзонроқ сотиб олиш бўлган бўлса, иқтисодиёт ва шаҳар муҳити ривожланиши фонида эндиликда бинолардан самарали фойдаланиш қобилияти асосий ўринга чиқмоқда. Фақатгина самарали фойдаланиш мумкин бўлган кўчмас мулклар — жозибали ҳудудларда қад кўтарган сифатли уй-жойлар, аҳоли гавжум ҳудудларда жойлашган дўконлар, яхши офислар нархи ошиб бормоқда.

Яхши кўчмас мулкни ёмонидан фарқлаш учун ушбу соҳанинг тилини тушуниш, иқтисодий тенденциялар, молиявий схемалар ва кредитлаш тизимидан бохабар бўлиш зарур. Ўз шаҳрингизни тушунишингиз, унинг сирлари, маданияти ва тарихини билишингиз лозим.

cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, кўчмас мулк тили

Шаҳар бамисоли «Лего» тўпламидек турли хил кўчмас мулк форматларини ифодаловчи алоҳида кубиклардан ташкил топади. Чакана савдо бинолари турларининг ўзи 25 дан ортиқ. Бахтга қарши ёки бахтимизга, шаҳарни «йиғиш»нинг йўриқномаси йўқ, шунинг учун ҳар бир шаҳар ва ҳар бир туман ўзига хос. Urban Studies — шаҳарларни ривожлантириш ҳақидаги фан — бугунги кунда дунёдаги энг талабгир йўналишлардан биридир.

Кўпчилик нима учун пойтахтдаги хонадонлар вилоятларда жойлашган аҳоли пунктларидаги турар жойларга нисбатан анча қимматроқ эканига ҳайрон бўлади. Буюк Британияда энг арзон ижара Бредфорд шаҳрида — у ерда хонадон ижараси 500 фунт-стерлинг туради, Лондонда эса шунга ўхшаш хонадон тўрт баравар қиммат. АҚШда энг арзон шаҳар (Вичита, Канзас штати) ва Нью-Йоркда ижара нархлари ўртасидаги фарқ саккиз баравар.

Бундай фарқ катта шаҳар — инсон ва молиявий капитал ишлаб чиқариш фабрикаси эканлиги билан изоҳланади. Шаҳар касбий ўсиш, таълим олиш ва қизиқарли одамлар билан мулоқот қилиш учун имкониятлар тақдим этади. Ва шунинг учун шаҳар ҳаётининг гавжумлиги — бу камчилик эмас, балки афзаллик. Шаҳарнинг ўсиб бораётган иқтисодиёти ҳар бир қўшимча саъй-ҳаракат учун муносиб мукофотлайди. Динамик ривожланаётган шаҳарларда қўшимча кўникмалар, янги билимлар ва меҳнатсеварлик «турғун» шаҳарларга қараганда тезроқ даромад ўсишига олиб келади.

cmwp, денис соколов, кўчмас мулк, кўчмас мулк тили

Фаровонлик нафақат қанча даромад олишимизга, балки маблағимизни қанчалик оқилона бошқаришимизга ҳам боғлиқ. Стадион қуришнинг ўзи етарли эмас. У доимо ишлаб туриши, томошабинларга қувонч улашиши ва ғазнага маблағ келтириши лозим. Афсуски, кўпинча бунинг акси бўлади. Бразилияда қурилиши 900 млн долларга тушган энг йирик стадион очилганидан бир йил ўтиб ёпилган, чунки 70 минг томошабинга мўлжалланган стадионга ташриф 5000 кишидан ошмаган. Шундай қилиб, нотўғри қарор, иқтисодий ҳисоб-китоблардаги хатолик мамлакат учун катта йўқотишларга олиб келди.

Автомобилни ҳайдашни ўрганиш учун бир неча ой вақт сарфлаб қоидаларни, кутилмаган вазиятларга ечим топишни ва бошқа иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларини олдиндан кўра билишни ўрганишингиз керак. Бироқ, замонавий шаҳарда яшаш осон эмас. Шаҳарда яшайдиган одам қандай даромад олиш, қандай жамғариш ва фойдали нарсаларга сарф қилишни билиши, тадбиркор эса ўз ходимларини қандай қилиб иш билан таъминлаш, таваккалчиликларни қандай бошқариш ва мамлакатни ривожлантиришни билиши лозим. Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 6 фоизга ўсиб бормоқда, бу жаҳон бўйича ўртача иқтисодий ўсишдан икки баравар юқори. Мамлакат қанчалик бойиб борса, даромад шунчалик ортади, асосий улуши кўчмас мулкдан иборат бўлган бойликни тўғри бошқаришнинг аҳамияти ҳам шунчалик ортади.

Биз сиз билан иқтисодий янгиликларни кузатиб борамиз, тўғри қарор қабул қилиш учун, компанияларимиз ривожланиши, оилалар эса яхшироқ ҳаёт кечириши учун хориж тажрибасини ўрганамиз. Кўчмас мулк тилида гаплашишни ўрганиб, банкирлар, инвесторлар, савдо компаниялари ва хорижий экспертлар билан бемалол мулоқот қилишимиз мумкин. Шаҳар шу тариқа, охир-оқибат, ўз аҳолиси, сайёҳлар ва инвесторлар учун янада қулай ва жозибадор шаҳарга айланади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.