Ўзбекистонлик таниқли созанда ва бастакор Султон Али Раҳматов «Ассалом Ўзбекистон», «Иккинчи симфония», «Сирли дунё» сингари ўнлаб мусиқалари билан нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам машҳурликка эришган. Унинг илк яккахон концерти 2006 йили Қозоғистонда бўлиб ўтган. 2007 ҳамда 2011 йилларда Самарқанддаги Регистон майдонида ҳам концертлар қўйган. Бастакор узоқ йиллик танаффусдан сўнг 18−21 апрель кунлари Тошкентда яккахон концертини тақдим этмоқда. «Газета.uz» мухбири концерт арафасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Султон Али Раҳматов билан суҳбатлашди.

— Фаолиятингиз давомида асосан Самарқандда яккахон концертлар тақдим этгансиз. 2024 йилги ижодий имтиҳонни нима учун пойтахтдаги Касаба уюшмалари саройида ўтказяпсиз? Сизда Humo Arena, Халқлар дўстлиги санъат саройи ёки яна Регистон майдонида концерт қўйиш варианти ҳам бор эди-ку.

— Тўғри, вариантлар кўп эди. Касаба уюшмалари саройи ҳам тарихий маданият маскани, кўплаб таниқли санъаткорлар илк бор катта саҳнага қадам қўйган жой ҳисобланади. Бу ерга бошқа саройларга нисбатан томошабинлар камроқ сиғар, лекин саҳна шароитлари ва имкониятлари анча кенг, бошқалардан кам жойи йўқ. Бу йилги концертга тайёргарлик жараёнларини ҳам шу ернинг ўзида ўтказдик. Концерт репертуарига жами 17 та мусиқа киритилди. Уларнинг деярли барчаси янги ижод маҳсуллари бўлиб, 12 йил олдин ёзилган ва ҳалигача сифати зўр.

— Охирги концертингизни 2011 йилда қўйгансиз. Шу пайтга қадар концерт бермаганингизнинг сабаби нима? Мухлисларингиз орасида сиз ҳақингизда турли миш-мишлар, ҳатто тақиққа тушган, деган фикрлар ҳам пайдо бўлди.

— «Запрет»га тушганим ҳақидаги гап-сўзлар миш-миш, холос, тақиққа тушмаганман. Техник ва моддий томонлама қўллаб-қувватлов бўлмагани учун яккахон концертимни қўя олмадим. Мана, яқинда эътибор қаратишди, яна концерт тақдим этяпман. Бундан буёғи яхши бўлади, деган умиддаман. Кўпчилик чет элга кўчиб кетган, деган фикрда ҳам юраркан. Тўғри, хорижда яшаб, ижод қилиш таклифи кўп бўлди. Бироқ ўзимизда ижод қилиб, шу ердан дунёга чиқиш мақсадим бор. Ҳар ҳолда ўзбекман, Ўзбекистон — ўзимнинг Ватаним, миллатим ва онам. Шу ерда тикланиб, дунё саҳнасида концерт бермоқчиман. Бу борада орзу ва ниятдан ташқари маблағ ҳам муҳим роль ўйнайди. Маблағ ҳам сув ва нонга ўхшаган нарса-да. Агар етарли маблағим бўлганида, аллақачон дунёга чиқардим. 13 йил давомида ижод қилдим, янги мусиқалар ёздим. Шу вақт ичида концерт беришга ҳар томонлама ҳаракат қилдим, аммо ўхшамади. Энди бундан кейин ҳаммаси яхши бўлишидан умидворман.

— Демак, 13 йил давомида концерт намойиш қилмаганингизнинг сабаби фақат моддият билан боғлиқ?

— Худди шундай, асосан моддий томонлама қийинчилик бўлди. Аслида ҳаммаси пулга бориб тақалади. Пулсиз нима қилиб бўлади? Барча тизимда пул керак. Концерт қўйишим учун кетадиган маблағ кичик миқдорда бўлса ҳам майли эди, лекин харажат катта-да. Бировнинг пулини санаш чиройли иш эмас, лекин қанча-қанча пуллар ҳавога учиб кетяпти. Айрим давлатлар реклама учун миллиарлаб пул тикади. Менинг концертим эса тайёр лойиҳа-ку. Самарқанддаги концертим туризм ривожи учун жуда фойдали бўлган эди. Регистонни бекорга танламаганман. Самарқанд, Хива, Бухоро — Ўзбекистоннинг юраги, бизнинг бойлигимиз ва буни дунёга кўрсатишимиз керак.

— Дунё саҳналарига чиқиш ва концерт бериш мақсадингиз борлигини узоқ йилдан бери таъкидлаб келасиз…

— Ҳа, анча йилдан бери айтаман бу ҳақда. Шу кунгача қўллаб-қувватлаш бўлмади, ўзим қўлимдан келганча пул топиб, ижод қилиб келяпман, буёғига энди кучим етмади.

интервью, мусиқа, султон али раҳматов

— Бу масала бўйича тадбиркорлар, инвесторларга ҳамкорлик таклифи билан чиққанмисиз ҳеч?

— Ушбу вариантни ҳам ўйлаб, ўзимча таҳлил қилиб кўрганман. Тадбиркор менга ҳеч қачон ўзидан-ўзи ёрдам бермайди. [Пул тиккан тақдирда ҳам, пули] қачон ва қанча миқдорда қайтиб келишини ўйлайди. Агар ўртада шартнома имзоласак, ҳар ойда қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол ва жараён қандай кетаётганини сўрайверади. Мен ижодкорман ва менга эркинлик керак. Ижодкорни ҳеч ким безовта қилмаса, шунда ижоди яхши бўлади.

— Сизни халққа кўпроқ «Ассалом Ўзбекистон» номли мусиқангиз танитган. Бунда «Ассалом Ўзбекистон» кўрсатувининг ҳам ўрни катта, назаримда. Мазкур мусиқий асарингиз кўрсатув учун махсус буюртма асосида яратилганми?

— Йўқ, мен эфирга бир марта кетса керак, деб ўйлагандим. Бошида телевидениега олиб борганимда бошқа мусиқадан кўчирилган, деб қабул қилишмаган. Кейин Ҳожиакбар ака исмли режиссёр «хафа бўлма, ўзим кадрлар қўйиб, эфирга қўяман», деган. Мусиқам кўрсатувга мос тушган ва анча оммалашган, одамлар хатлар ёзар эди. Шу мусиқа йиллар давомида кўрсатувда фойдаланилди. Аммо муаллифлик ҳуқуқим ҳимоя қилинмагани учун ўтган йили судлашдик.

— Консерваториядаги ўқишингизни 2-курсдан ташлаб кетган экансиз. Бунга нима сабаб бўлган ва қарорингиздан афсусланасизми?

— Ташлаб кетганимдан, аксинча, хурсандман ва шу сабабли Султон Али Раҳматов бўлдим. Агар охиригача ўқиганимда, ҳозир оркестрда ўтирган бўлардим ёки ишим юришмай, бошқа соҳада ишлардим. Мен ўша пайтда йўналишимни яратиб, ўз бахтимга йўлимни топган эдим.

— Мусиқа сиз учун нима?

— Бу менинг ҳаётим ва унда яшайман. Шунинг учун мусиқалар яратаман. Базамдаги мусиқаларим жуда кўп, уларни вақти соати билан халқимизга тақдим этаман.

— Интервьюларингизнинг бирида альбомингизни 300 минг долларга сотганингизни айтган экансиз. Бир дона альбомни шунча нархга сотганмисиз ёки бир қанчасини?

— Битта альбомда ўн учта нарса бўлган. Ҳаммаси қонуний кечган, менда ҳужжатлари ҳам бор. Альбомни бир йил давомида фойдаланиш учун ижарага сотганман.

Султон Али Раҳматов билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ вариантини видео шаклида «Газета.uz»нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилиш мумкин: