Эндиликда Uzbekistan Airways халқаро авиақатновларига рўйхатдан ўтиш вақти қатнов жўнашига 40 дақиқа эмас, 1 соат қолганда тугатилади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Бунга Тошкент халқаро аэропортида авиақатновлар сони ошиши, йўловчилар оқими кўпайиши ва рўйхатдан ўтиш жараёнига тегишли янги қоидалар жорий этилгани сабаб қилиб кўрсатилган.

«Парвоз олдидан процедураларни бажариш учун зарур бўлган қўшимча вақтни ҳисобга олган ҳолда йўловчилардан аэропортга олдиндан етиб келишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.