Демократия ҳақида ҳамма эшитган. Лекин у ўзи нима учун керак? Ривожланаётган мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан тезроқ ўсиши учун демократиядан кўра автократия яхшироқ эмасми? Financial Times газетасининг бош иқтисодий шарҳловчиси, молия-иқтисодиёт йўналишида ёзувчи жаҳоннинг энг яхши журналистларидан бири сифатида эътироф этиладиган Мартин Вульф сўнгги мақолаларидан бирида шу саволга жавоб излади, «Газета.uz» эса ушбу мақолани ўзбек тилига ўгирди.

Ўтган ҳафта Ҳиндистондаги медиа ташкилоти томонидан уюштирилган вебинарда демократиянинг ҳозирги ёмон аҳволи ҳақида чиқиш қилдим. Нутқимдан сўнг тингловчилардан бири ҳиндистонликлар ўзи нима учун демократияга қизиқиши лозимлиги ҳақида сўради. Бу Ғарб томонидан дунёнинг қолган қисмига тиқиштирилган ғояси эмасмиди? Ривожланаётган мамлакатлар учун анъанавий автократия яхшироқ эмасми?

Бу савол бир вақтнинг ўзида мени ҳам ташвишга солди, ҳам қувонтирди. Ташвишланганимнинг сабаби шундаки, Ҳиндистоннинг зиёли элитаси вакили катта бир форумда буни сўраши бежиз эмас. Қувонганимнинг сабаби эса, ҳозир бу саволни кўпчилик бермоқда ва ва унинг жавоби фақат ривожланаётган мамлакатларда яшовчиларнигина қизиқтираётгани йўқ. Тираниянинг жозибадорлиги ошмоқда.

Графикда баъзи танлаб олинган мамлакатларнинг 2014−2024 йиллар оралиғида Freedom House ҳисоботидаги умумий кўрсаткичлари (баллари) ўзгариши акс этган. Тўқ кўк — эркин, оч кўк — эркин эмас, ҳаворанг эса қисман эркин дея эътироф этилувчи мамлакат эканини англатади.Графикда баъзи танлаб олинган мамлакатларнинг 2014−2024 йиллар оралиғида Freedom House ҳисоботидаги умумий кўрсаткичлари (баллари) ўзгариши акс этган. Тўқ кўк — эркин, оч кўк — эркин эмас, ҳаворанг эса қисман эркин дея эътироф этилувчи мамлакат эканини англатади.

Freedom House’нинг «Дунёда эркинлик 2024» ҳисоботи дунёдаги эркинлик даражаси кетма-кет 18 йилдан бери камайиб бораётганини тасдиқлайди. Сўнгги ўн йилликда кўплаб ривожланаётган мамлакатларда сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларининг устуворлиги сезиларли камайди. Нарендра Моди даврида Ҳиндистон ҳам, афсуски, шундай мамлакатлар қаторига кирди.

Бу камайишни тезроқ иқтисодий ўсиш учун тўланадиган бадал деса бўладими? Кенг маънода олиб қаралса, умуман бундай эмас. Агар ресурсларга бой баъзи мамлакатларни, шунингдек, Гонконг ва Сингапурни ҳисобга олмасак, дунёнинг барча бой мамлакатлари либерал демократия ҳисобланади. Бу ҳақиқатан ҳам тасодифми?

Аҳолиси 5 миллиондан ортиқ бўлган мамлакатларнинг эркинлик (вертикал) ва жон бошига ЯИМ бўйича кўрсаткичи (горизонтал).Аҳолиси 5 миллиондан ортиқ бўлган мамлакатларнинг эркинлик (вертикал) ва жон бошига ЯИМ бўйича кўрсаткичи (горизонтал).

Шунга қарамай, айрим бадгумон кишилар, аввалгидек, демократия камбағал мамлакатлар бойиши учун энг яхши восита эмас, дейиши мумкин. Улар, мисол тариқасида, Хитойнинг сўнгги 40 йил давомидаги ҳайратланарли ўсишини келтириши мумкин. Лекин бу факт уларнинг нуқтаи назарини қувватламайди. 2019 йилда эълон қилинган Дарон Ажемўғли ва бошқа муаллифларнинг «Демократия иқтисодий ўсишга сабаб бўлади» номли мақоласи «демократиянинг келажакдаги жон бошига ЯИМга иқтисодий ва статистик жиҳатдан сезиларли даражада ижобий таъсири бор»лигини тасдиқлайди. Қайд этилишича, «демократиялашувдан кейинги 25 йил ичида ЯИМ 20−25 фоизга ошади». Қайд этиб ўтиш лозимки, бу ривожланишнинг эрта босқичидаги мамлакатлар учун ҳам тааллуқли.

Эҳтимол, бундан ҳам муҳим нарса, 2019 йил Карл Ҳенрик Кнутсен V-Dem институти учун ёзган тавсифномасида қайд этганидек, автократияларнинг қайд этган натижалари ўртасидаги фарқ анча катталиги ҳисобланар. Яъни, автократлар яхши бўлган вақтда, улар ҳақиқатан ҳам анча яхши бўлиши мумкин. Лекин улар ёмон бўлганида ҳақиқий даҳшат бўлади. Масалан, Сталин, Гитлер, Пол Пот и Мао Цзэдун миллионлаб инсонларни ўлдирди. Балки бунга улар буни исташгани сабаб бўлгандир, балки улар бунга бефарқлик билан қарагани туфайли шундай бўлгандир. Масала шундаки, автократияда ҳукумат ҳисобдор бўлмайди. Ҳисобдор бўлмаган ҳукумат эса исталган ишни қилиши мумкин.

Электорал демократия либерал демократиядан кўра мустаҳкамроқ, лекин икковида ҳам пасайиш кузатилмоқда. V-Dem демократия индекси, глобал, аҳоли сони инобатга олинган. 0 — жуда нодемократик, 1 — юқори даражада демократик.Электорал демократия либерал демократиядан кўра мустаҳкамроқ, лекин икковида ҳам пасайиш кузатилмоқда. V-Dem демократия индекси, глобал, аҳоли сони инобатга олинган. 0 — жуда нодемократик, 1 — юқори даражада демократик.

Тарихчи Тимоти Снайдер яқинда эълон қилинган ажойиб мақоласида «қаттиққўл раҳбар бошқаруви хомхаёл» эканини тасдиқлайди. «Бунинг учун муҳим ғоя шундаки, „қаттиққўл раҳбар“ сизнинг одамингиз бўлиши лозим. Лекин ундай бўлмайди. Демократия шароитида сайланган вакиллар сайловчиларни тинглайди. Биз буни шундай бўлиши керак бўлган одатий нарсадек қабул қиламиз ва диктатор ҳам бизнинг олдимизда ҳисобдордек тасаввур қиламиз. Лекин сизнинг у учун берган овозингиз, сизнинг аҳамиятсиз эканингизни тасдиқлайди. Масала шундаки, „қаттиққўл раҳбар“ бизнинг олдимизда ҳисобдор эмас. Бизни таҳқирлашади ва биз бунга кўникамиз».

Дунёнинг аксарият демократиялари ҳамон жуда ёш. Мамлакалар демократик тузумининг ёши, 2020 йил маълумотларига кўра.Дунёнинг аксарият демократиялари ҳамон жуда ёш. Мамлакалар демократик тузумининг ёши, 2020 йил маълумотларига кўра.

Аслида вазият бундан ҳам ёмон бўлади. Эҳтимолий мустабид (потенциал тиран) — дуруст одам эмас. Уни деярли ҳар доим ҳокимият истаги бошқаради. Агар у ўзи қидирган нарсасига эга чиқса ва телбага айланса, ундан қандай қутулиш мумкин? Қандай қилиб унга қарши бўлган институтларни сақлаб қолиш мумкин? Ҳокимият қўлдан-қўлга ўтишини қандай бошқариш мумкин? Конституцион монархия иш бериши мумкинлини биламиз. Автократ, қонун устуворлиги ва мулк ҳуқуқи ҳимояси зарур эканини англагани ҳолда, Сингапур каби кичик мамлакатни яхши бошқариши мумкинлигини биламиз. Жанубий Корея ва Тайванда тезкор ривожланишнинг дастлабки йиллари автократлар назорати остида ўтганини биламиз. Шунингдек, биз Дэн Сяопин Хитойда ўз ҳокимиятидан сармаст бўлмаган етакчи бўлганини ҳам биламиз. Яъни, хитойликлар таъкидлайдиганидек, сизда «яхши император» ҳам бўлиши мумкин. Лекин, кўп ҳолларда бўлгани каби, пешонага «ёмон»и ёзилган бўлса нима қилиш керак?

Демократик мамлакатларда яшаётган аҳоли сони ошиб бормоқда, лекин нодемократик мамлакатларда яшовчилар кўрсаткичи сўнгги вақтларда бу кўрсаткичга етиб оляпти. Демократик ва нодемократик мамлакатларда яшаётганлар сони (млрд).Демократик мамлакатларда яшаётган аҳоли сони ошиб бормоқда, лекин нодемократик мамлакатларда яшовчилар кўрсаткичи сўнгги вақтларда бу кўрсаткичга етиб оляпти. Демократик ва нодемократик мамлакатларда яшаётганлар сони (млрд).

Демократия шундай аянчли оқибатларнинг олдини олади, чунки унинг ўзини тўғрилаб турувчи ички методлари мавжуд. Демократия шароитида — кўп мамлакатларда бўлгани каби — ноадекват фуқаролик, сиёсий ва юридик ҳуқуқлар юзага келган тақдирда ҳам, сайловлар вазиятни ўзгартира олади. Бунинг ҳақиқат экани ўтган йили Польшада ва яқинда Туркияда ўз исботини топди. Сайловлар Ҳиндистонда ҳам тийиб турувчи омил ҳисобланади. Парламентар тизимларда парламент аъзолари, Буюк Британияда Борис Жонсон ва Лиз Трасс билан бўлгани каби, раҳбарга қарши оёққа туриши мумкин.

Демократия фойдасига келтириладиган энг асосий далил — унинг яхши бошқарувни яратиши эмас, балки расво бошқарувнинг олдини олишидир. Бу эса, анархияни — ҳеч қандай бошқарув йўқлигини инобатга олмаганда, жамиятда кузатилиши мумкин бўлган энг ёмон нарса. Ҳуқуқлар тўплами қанчалик тўла бўлса, чекловлар ҳам шунчалик кучли бўлади: ўшанда очиқ дебатлар, норозилик билдириш эркинлиги, эркин матбуот ва мустақил институтлар ҳам мавжуд бўлади.

Демократик мамлакатларда яшовчи аҳоли сони мувозанатлашди. Демократик ва нодемократик мамлакатларда яшовчи аҳоли улуши.Демократик мамлакатларда яшовчи аҳоли сони мувозанатлашди. Демократик ва нодемократик мамлакатларда яшовчи аҳоли улуши.

Демократия ҳар доим нозик нарса бўлган. У шуниси билан нозикки, баъзи кишилар мустабид (тиран) бўлишни ва жуда кўпчиликнинг уларга ишонишини истайди. Агар демократия одамларга улар истаган нарсани — дахлдорлик ҳисси, хавфсизлик, улар қадрлайдиган бошқа нарсаларни бера олмаса, [мустабиднинг ҳокимият тепасига келиши] эҳтимоли эҳтимоли яна ошади. Яша Мунк ўз китоби («The Identity Trap»)да таъкидлаганидек, демократиялар тенгсизлик ва хилма-хиллик юқори бўлган жамиятларда айниқса нозик бўлади, бунда потенциал тиранларнинг шу зиддиятлардан фойдаланишга уриниши ҳам катта ўрин тутади. Дарҳақиқат, Шарун Муканд (Уорик университети) ва Дэни Родрик (Ҳарвард университети)нинг тадқиқоти («The Political Economy of Liberal Democracy»)да таъкидланганидек, бундай жамиятларда либерал демократия яратиш қийин кечади.

Сухбатдошим ҳақ эди: демократия янги инновация. Лекин айни вақтда у адашаётган ҳам эди: демократия яқинда пайдо бўла бошлади, дегани унинг қадри йўқ эканини англатмайди. Бу — демократия мукаммал бўлмаган тақдирда ҳам, автократиялар баъзида иш берган тақдирда ҳам — ҳақиқат. Демократия ҳуқумат ҳисобдорлигини ва одамларнинг овоз бериш ҳуқуқини таъминлайди. Бу биз учун учун мустабидларнинг ҳар турли хурмача қилиқларига чидашдан кўра анча яхши.