Тошкент шаҳрида светофорнинг қизил чироғи ёнган вақтда қоидани бузиб бўлса-да «Тез ёрдам» автомашинасига йўл берган Cobalt ҳайдовчисига белгиланган жарима жазоси бекор қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Гап шундаки, ҳайдовчи Чилонзор тумани Катта Ҳирмонтепа кўчаси 48-уй қаршисида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ўзининг Cobalt русумли автомобилида тўхтаб турган. Ўша пайт ортдан келган «Тез ёрдам» автомашинасига қоидани бузиб бўлса-да йўл берган. Орадан икки кун ўтгач, унинг яшаш манзилига жарима қоғози борган.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Қаҳрамон Худойбергановнинг сўзларига кўра, ҳолат махсус база орқали ўрганиб чиқилган ва фуқарога берилган жарима бекор қилинган.

«Ҳайдовчи қоидани бузган бўлса ҳам жарима жазоси ўрнатилган тартибда бекор қилинди. Шунингдек, ўз фуқаролик бурчини виждонан бажарган ушбу фуқаро бошқармамиз томонидан тақдирланди», — деди бошқарма ходими.