Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун 15 май куни ўз лавозимини тарк этади. У мамлакат президентига ўз ўрни учун бош вазир ўринбосари ҳамда молия вазири Лоренс Вонгни таклиф қилди. Бу ҳақда 15 апрель куни бош вазир девони томонидан эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.

«Мен 15 майдан бош вазир лавозимини тарк этаман ва шу куниёқ Лоренс Вонг кейинги бош вазир сифатида қасамёд қилади. Барча сингапурликлардан Лоренс ва унинг жамоасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини, шунингдек, Сингапурнинг порлоқ келажагини яратишда биргаликда ишлашларини сўрайман», — дея ёзди Лун Х ижтимоий тармоғида.

Reuters агентлигининг қайд этишича, Сингапурда ҳокимият алмашганидан бир неча ой ўтиб, парламент сайловлари бўлиб ўтади. Вонг аввалги бош вазир истеъфога чиққач, 2022 йилда бўлажак бош вазир этиб тайинланган.

Маълумот учун, Ли Сянь Лун (72 ёш) биринчи бош вазир, мустақил Сингапур Республикасининг «асосчиси» Ли Куан Юнинг тўнғич ўғли ҳисобланади. У 2004 йилдан буён мамлакат бош вазири лавозимида ишлаб келаётганди.