Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец мамлакат Осиёнинг энг яхши жамоаларига қарши кураша оладиган, эҳтимол, илк марта Жаҳон чемпионатига чиқа оладиган даражага етганига ишонмоқда.

Бу ҳақда у Жаҳон чемпионати-2026 ва Осиё кубоги-2027 қўшма саралаш босқичи доирасидаги Гонконг терма жамоасига қарши учрашувлар олдидан Осиё футбол конфедерациясига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Таъкидлаш мумкинки, словениялик мутахассис бу сафарги йиғинга 26 нафар футболчини жалб этган бўлса, уларнинг 20 нафари Қатардаги Осиё кубогида иштирок этган. У Гонконгга қарши иккита саралаш ўйинларини интиқлик билан кутаётганини таъкидлади.

Гонг Конг терма жамоасига қарши 3-тур учрашуви 21 март куни Тошкент вақти билан соат 17:00да «Монг Кок» стадионида ўтказилади.

«Жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувларига ёш, тажрибасиз ва янги футболчиларни жалб этиб, уларни ўйин услубига мослаштириш учун вақт йўқ, чунки бу жуда мураккаб. Бундай муҳим баҳслар олдидан бизни келажакда нималар кутаётганини билишимиз зарур. Узоқ парвозлар ва қисқа вақт давомида етарли даражада машғулот ўтказмаган ҳолда мезбон жамоага қарши баҳс олиб бориш, сўнг парвоз ва бир неча кундан сўнг яна ўйин ўтказиш осон бўлмайди», — дейди Катанец.

У терма жамоа сардори ва Италиянинг «Кальяри» клуби футболчиси Элдор Шомуродов Осиё кубогида иштирок этишига тўсқинлик қилган жароҳатидан фориғ бўлиб, яна сафга қайтгани жамоадаги энг катта ўзгариш бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, Ҳожиакбар Алижонов билан боғлиқ вазиятни ҳам эслаб ўтди: «Алижонов Осиё кубогигача бизнинг энг яхши футболчиларимиздан бири эди, у охирги бир қанча учрашувларда ажойиб ўйин кўрсатди, сўнг жароҳати сабабли майдонга туша олмади ва ҳозир ҳам таркибда эмас. Шомуродов сафга қайтди, аммо биз унинг жисмоний ҳолатига эътибор қаратишимиз керак».

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 ва Осиё кубоги-2027 саралаш босқичи доирасида Туркманистонни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, Эрон билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади ва тўрт очко билан «E» гуруҳида 2-ўринни эгаллаб турибди.

Бироқ бош мураббий футболчилар «Монг Кок» стадионида ўтказилиши кутилаётган Гонконгга қарши учрашувда рақибни жиддий қабул қилишлари кераклиги тўғрисида фикр билдириб ўтди:

«Профессионал равишда биз боримизни беришимиз керак. Гонконг Осиё кубогида очко олмаган бўлиши мумкин, аммо улардаги таркиб аввалгидан фарқ қилиши эҳтимоли бор. Демак, бу баҳс осон бўлмайди. Футболчиларни ўйинга жиддий ёндашиши кераклигига ишонтириш — менинг вазифам. Ҳа, қоғозда биз рақибга қараганда устундек кўринишимиз мумкин, лекин учрашувга тайёр бўлмасангиз, футбол сизга кутилмаган сюрпризларни тақдим этиши мумкин. Агар олдиндаги икки ўйинда ғалаба қозонсак, катта эҳтимол билан, кейинги босқич масаласини ижобий ҳал этган бўламиз», — дея таъкидлади мураббий.

Учинчи йилдирки жамоани қуришда давом этяпмиз. Биз Осиё кубогида энг яхши ҳужумчиси турнирда иштирок этмаган ягона жамоа эдик. Агар Шомуродов сафда бўлганида, унинг энг камида 4−5 та гол уришига ишончим комил эди, дея қўшимча қилди у.

Сречко Катанец шу вақтга қадар ҳам Осиёда муваффаққиятли фаолият юритган ва Бирлашган Араб Амирликлари (2009−2011) ҳамда Ироқ терма жамоаларини (2018−2021) бошқарган.

Унинг фикрича, Ўзбекистон Осиёнинг энг кучли жамоаларига муносиб рақиб бўла оладиган ва, эҳтимол, ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига чиқишга қодир бўлган жамоага айланди.

«Энг катта ўзгариш шуки, жамоа аввалгига қараганда умуман бошқа услубда ўйнамоқда. Мен баъзи футболчиларни масъулиятни ўз зиммасига олишлари кераклигига ишонтирдим. Уларда ўзларига бўлган ишонч руҳи ошган. Шу сабабли ҳар қандай жамоага қарши баҳсда яратилган имкониятларнинг аксариятидан унумли фойдаланмоқдамиз. Бироқ ҳимоявий ўйин кўрсатадиган термаларга қарши муаммоларимиз бор.

Футболчилар мен нимани истаётганимни яхши тушунади, бу жуда муҳим, чунки улар билан ҳар куни ҳам бирга ишлай олмайман ва терма жамоага жалб этилганларида улардан нима талаб қилинаётганини билишлари муваффаққият сари катта қадамдир", — дейди Сречко Катанец.