Фото: Холида Мусулмон
Оғриқли ҳарфлар
30 йилга чўзилган ўзбек алифбоси ислоҳоти
Фото: Холида Мусулмон
Оғриқли ҳарфлар
30 йилга чўзилган ўзбек алифбоси ислоҳоти
Ўзбекистон, 30 йилдирки, лотин ёзувига тўлиқ ўтолмайди. Бир неча ҳарфнинг якуний кўриниши тасдиқланиши билан жараён тугаши кутиляпти. Бу сўнгги 85 йилда алифбо кўринишининг олтинчи ўзгартирилиши бўлади. «Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов чўзилиб кетган ўтишнинг сабаблари ва оқибатларини ўрганди.
Ўзбекистон, 30 йилдирки, лотин ёзувига тўлиқ ўтолмайди. Бир неча ҳарфнинг якуний кўриниши тасдиқланиши билан жараён тугаши кутиляпти. Бу сўнгги 85 йилда алифбо кўринишининг олтинчи ўзгартирилиши бўлади. «Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов чўзилиб кетган ўтишнинг сабаблари ва оқибатларини ўрганди.
Сўнгги бир неча йилдан бери ўзбек алифбоси ислоҳоти ва лотин ёзувига тўлақонли ўтишга доир мунозаралар бир уйғониб, бир тинчиб қолади. Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг 2023 йил декабрида жадидчиликка бағишланган анжумандаги чиқиши шундай муҳокамаларнинг яна қайта бошланишига туртки берди. «Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов мутахассислар билан суҳбатлашиб, Ўзбекистон нима учун 30 йилдан бери тўлиқ лотин ёзувига ўта олмаётгани, шунингдек, бу жараён аҳолининг умумий саводхонлик даражасига қандай таъсир қилаётгани ҳақидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Алифбо қандай ўзгарган? Қисқача тарих
Ўтган 85 йил мобайнида ўзбек ёзуви беш марта ўзгарган. Бунинг ортида ҳар сафар муайян сиёсий сабаблар бўлган.

1929 йилгача ўзбек тилидаги матнлар араб имлосида ёзилган. Айни пайтда, ўзбек тилида форс ва араб тилидаги сўзлар ҳам мавжуд эди. 1910 йилларнинг охирида жадид Абдурауф Фитрат ўзбек тилини туркча (чиғатой туркчаси) услуб ва грамматикага келтириш орқали уни форс ва араб тилидаги сўзлардан тозалашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
Абдурауф Фитрат
Фото: Ҳамидулла Болтабоев
Чиғатой туркчаси ўзбек тилининг аждоди ҳисобланади. Тилшунослар уни «эски ўзбек тили» деб ҳам атайди. Филология фанлари доктори, Ўзбекистон Миллий университети профессори Ҳамидулла Болтабоевнинг «Газета.уз» мухбири билан суҳбатда изоҳ беришича, тилга «чиғатой» номи хорижликлар томонидан берилган. Маҳаллий аҳоли, унинг фикрича, тилни туркча деб атаган. Ушбу масала бўйича профессионал адабиётлар ҳалигача бир-биридан фарқ қилади.

1921 йилга келиб Фитрат эски ўзбек тилининг (бу атама барчага тушунарли бўлиши учун қўлланилмоқда) тақдири борасида ўз тасаввурларини шакллантирди. У араб имлосига асосланган ўзбек ёзувини ислоҳ қилишни таклиф қилди. Фитрат мазкур ислоҳот аҳоли орасида саводхонликни оширади ва араб тилининг ўзбек тилига таъсирини сусайтиради деб ҳисоблаган, деб ёзади Блумингтондаги Индиана университетининг профессори Уильям Фиерман ўзбек тили ислоҳотлари тарихига бағишланган китобида.

Худди шу йили лотин алифбосига ўтиш ҳақида биринчи бўлиб жадид Боту сўз юритган, бироқ унинг таклифи хушламай қабул қилинган. Тарихчи Адиб Холид ўзининг «Ўзбекистон таваллуди» (Making Uzbekistan) китобида таъкидлаганидек, у вақтда лотин алифбоси масаласи кўриб чиқилмаган — кун тартибида араб имлосига асосланган ўзбек ёзувини ислоҳ қилиш масаласи турган эди.
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романининг 1925 йилдаги илк нашри муқоваси.
Фото: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
1929 йилда ўзбек тили катта ўзгариш — лотин ёзувига ўтишни бошдан кечирди. Уильям Фиерманнинг ёзишича, лотин алифбосига ўтишнинг энг ашаддий лоббичиси рус шарқшуноси Евгений Поливанов эди. Америкалик олимнинг қайд этишича, Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтиш совет ҳукуматининг барча совет республикаларида лотин алифбосини жорий этишга уринишларининг бир қисми сифатида қаралиши лозим.

1924 йилга келиб Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш юз бериб, Ўзбекистон аҳолиси «ўзбеклар» атамаси остида бирлаштирилди. Айни пайтда тилга нисбатан «ўзбек» атамаси расман қабул қилинди. Лотинлаштиришда совет ҳукуматининг муайян сиёсий мақсадлари бор эди: ўзбек ўзлигини шакллантириш, маҳаллий аҳолини араб дунёси таъсиридан чиқариш, диндан ажратиш, деб ёзади Уильям Фиерман. Ўзбек лотин алифбосини шакллантиришда кўплаб жадидлар, жумладан, Фитрат ҳам қатнашган.
1929 йилдан 1934 йилгача амалда бўлган ўзбек лотин алифбоси
1934 йилдан 1940 йилгача амалда бўлган ўзбек лотин алифбоси
1940 йилда ўзбек лотин алифбоси кирилл алифбосига алмаштирилди. «Газета.uz» мухбири суҳбатлашган тилшунослар совет ҳукуматининг бундан кўзлаган мақсадларини қайд этиб ўтишди: Ўзбекистонда ёзувни бирхиллаштириш ва синфий жамиятга ўтишни тезлаштириш.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ҳукумат лотин алифбосига қайтишга қарор қилди. Бу совет ўтмишидан воз кечишга ишора эди, дея таъкидлайди тарихчилар «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда. Лотин ёзувига ўтиш расман 1993 йилда амалга оширилган. Қонунда бу ўтиш «ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929−1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб», «кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишлари инобатга олиб», шунингдек, «республиканинг ҳар тарафлама камол топишини ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратиш мақсадида» қабул қилингани таъкидланган.
1993 йилги, биринчи таҳрирдаги ўзбек лотин алифбоси
Икки йилдан сўнг, Туркия билан ўзаро муносабатларнинг ёмонлашуви фонида, алифбонинг ўша вақтда амалда бўлган таҳририга бир қатор ўзгаришлар киритилган.
Ўзбек лотин ёзувининг 1995 йилда қабул қилинган амалдаги шакли
Лотин алифбосига тўлиқ ўтишни 2000 йилгача якунлаш режалаштирилган эди. Аммо амалда Ўзбекистонда кирилл алифбоси ҳамон лотин билан биргаликда, тенг-тенг қўлланилмоқда. Расмий ҳужжатларни тайёрлашда, ОАВ материалларида, рекламада, ноширлик ишида ҳар иккала алифбодан фойдаланилмоқда.

Тилшунослар бу ҳодисани лотин ёзувининг жорий кўриниши номукаммаллиги билан изоҳлайди. Масалан, «Sh» ва «Ch» ҳарфлари туркий лотин алифболарида мавжуд бўлмаган «Ш» ва «Ч» ҳарфларининг инглиз тилидаги аналоги ҳисобланади. Кўпчилик «о'» ва «g'» ҳарфларидаги апострофларни нотўғри ишлатади.

Ўзбек лотин ёзувининг муаммоли жиҳатлари хусусида Комил Жалилов «Газета.uz»да эълон қилинган мақоласида ҳам ёзган эди. Мутахассис ушбу масалани сиёсийлаштирмаслик кераклигини, ҳар қандай ўзгаришлар соғлом ақлга таяниши ва илмий асосланган бўлиши лозимлигини таъкидлаган эди.
реклама
реклама
2016 йилда ўзбек лотин ёзуви тўғрисидаги мунозаралар қайта жонланди, дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети назарий ва амалий тилшунослик кафедраси мудири, доцент, филология фанлари номзоди Ирода Азимова. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. 2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар алифбони такомиллаштириш учун асос бўлди. Ислоҳотни амалга ошириш учун ишчи гуруҳ тузилди. 2023 йилнинг сентябрида ишчи гуруҳ янги алифбо лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳага кўра, алифбода тўртта ҳарфни ўзгартириш таклиф қилинди:
Ўзбек лотин алифбосининг 2023 йилда таклиф этилган кўриниши
Тўрт ҳарф алмашинувини мутахассислар қандай изоҳлаяпти?
Лойиҳани тақдим қилиш чоғида ишчи гуруҳ аъзоси, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Ёрқин Одилов тўртта ҳарф бўйича таклиф этилаётган ўзгартиришни қуйидагича изоҳлади:

«O' o'» ҳарфи ўрнига «Õ õ». Тилшуноснинг фикрича, мазкур алмаштириш ҳарфни матн ичида идрок қилишни осонлаштиришга ёрдам беради. Унинг сўзларига кўра, ўзгартириш, шунингдек, имло хатоларига йўл қўйиш ҳолатларини қисқартиради. Муаммо шундаки, клавиатурада «O' o'» ҳарфини ёзиш учун иккита ҳаракатни амалга ошириш — «O» ҳарфи ва «6» кўринишидаги апострофни босишга тўғри келади. Аксарият ҳолларда одамлар янглишиб, «9» кўринишидаги апострофдан фойдаланади. Саида Мирзиёева «Ўзбекистон» сўзи ўзбек лотин ёзувида турлича ёзилиши мумкинлигини мисол тариқасида келтириб, бу масалага тўхталиб ўтган эди. Қолаверса, тилшуносларнинг таъкидлашича, апостроф туфайли бир сўз иккига бўлингандек тасаввур уйғотади. Лотин алифбосининг янги версиясида «Õ õ» ни клавиатуранинг «[» тугмасига жойлаштириш режалаштирилмоқда.
«Ўзбекистон» сўзининг ёзилиши
Фото: Саида Мирзиёеванинг Telegram-канали
«G' g'» ҳарфи ўрнига «Ğ ğ». Ёрқин Одилов мазкур алмаштиришни ҳам клавиатурада ёзишни соддалаштириш билан изоҳлади. Ҳарфнинг 1993−1995 йилларда ҳам худди шу шаклда қўллангани яна бир далил сифатида келтирилди. «Ğ ğ» ни «]» тугмасига жойлаштириш таклиф қилинди.

«Ch» ҳарфи ўрнига «C» («Ч» ўқилади). 1929 йилдан 1940 йилгача алифбода «Ch» ни ифодалаш учун ушбу ҳарфдан фойдаланилган. Ёрқин Одиловнинг сўзларига қараганда, бу шаклда ҳарф омма томонидан яхшироқ қабул қилинади, чунки «Ch»нинг ҳозирги версиясида «С» ҳарфи аллақачон мавжуд.
Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романининг 1936 йилда чоп этилган биринчи нашр илк саҳифаси.
Фото: Искандар Мадгазиев
«Sh» ҳарфи ўрнига «Ş ş». Лотин алифбосининг аввалги барча версияларида (амалдагисидан ташқари) «Ш» товушини ифодалаш учун шу белгидан фойдаланилган, дейди Ёрқин Одилов. Унинг қўшимча қилишича, «Ş ş» туркий халқлар ёзувига хос. Клавиатурада ушбу ҳарф инглиз алифбосидаги «W» ҳарфи тугмасига жойлаштирилиши мумкин.
Адабиётга оид 1934 йилги илмий-тадқиқот китоби муқоваси.
Фото: Жаҳонгир Азимов
Ёрқин Одилов ўз нутқида «Sh» ва «Ch» ҳарфлари узоқ йиллардан бери қўлланиб келинаётгани, унинг фикрича, имлода турли хил истиснолар пайдо бўлишига олиб келганини тан олди.

Қайд этиш жоиз, кўплаб фойдаланувчилар мобил телефонлар орқали ёзишмаларда узоқ вақт давомида «Sh» ҳарфини ифодалаш учун лотинча «W» дан, «Ch»ни ифодалаш учун «4»дан фойдаланиб келган.

Шундай қилиб, лотин ёзувининг янги версияси 1993 йилдаги алифбонинг, 1929 йилда жадидлар иштирокида ишлаб чиқилган, дастлабки версиясига мос келади.
Ўзбек тили тарихидаги барча лотин алифболари таққосламаси
Лотин ёзувининг 2023 йил сентябрь ойида таклиф этилган янги лойиҳаси
1995 — ҳозирга қадар
1993−1995
1934−1940
1929−1934
A a
A a
A a
A a
A a
B b
B b
B b
B b
B b
C c («Ч» тарзида ўқилади)
-
C c
C c
C c
-
-
Ç ç
Ç ç
Ç ç
-
Ch ch
-
-
-
D d
D d
D d
D d
D d
E e
E e
E e
E e
E e
-
-
-
Ə ə
Ə ə
F f
F f
F f
F f
F f
G g
G g
G g
G g
G g
-
G' g'
-
-
-
Ğ ğ
-
Ğ ğ
-
-
-
-
-
Ƣ ƣ
Ƣ ƣ
H h
H h
H h
H h
H h
I i
I i
I i
I i
I i
J j
J j
J j
J j
J j
K k
K k
K k
K k
K k
L l
L l
L l
L l
L l
M m
M m
M m
M m
M m
N n
N n
N n
N n
N n
-
-
Ñ ñ
-
-
-
-
-
Ꞑ ꞑ
Ꞑ ꞑ
ng
ng
-
-
-
O o
O o
O o
O o
O o
-
-
-
-
Ө ө
-
-
Ö ö
-
-
-
O' o'
-
-
-
Õ õ
-
-
-
-
P p
P p
P p
P p
P p
Q q
Q q
Q q
Q q
Q q
R r
R r
R r
R r
R r
S s
S s
S s
S s
S s
Ş ş
-
Ş ş
Ş ş
Ş ş
-
Sh sh
-
-
-
T t
T t
T t
T t
T t
U u
U u
U u
U u
U u
V v
V v
V v
V v
V v
X x
X x
X x
X x
X x
Y y
Y y
Y y
-
Y y
Z z
Z z
Z z
Z z
Z z
-
-
-
Ƶ ƶ
Ƶ ƶ
-
-
Ɉ ɉ
-
-
' (тутуқ белгиси)
'
'
'
'
28 та ҳарф, тутуқ белгиси
31 та ҳарф, тутуқ белгиси
31 та ҳарф, тутуқ белгиси
30 та ҳарф, тутуқ белгиси
33 та ҳарф, тутуқ белгиси
Мутахассислар муносабати: фикрлар иккига бўлинган
Табиийки, навбатдаги алифбо ўзгариши маъқуллаётгалар ҳам, унга қарши чиқаётганлар ҳам бор.

Биринчи гуруҳ ҳозирги лотин алифбосининг номукаммаллигини асос қилиб келтирмоқда. Тўртта ҳарф ва апостроф келтириб чиқараётган ноқулайликдан ташқари, улар ўзбек тилида «бир товуш — бир ҳарф» тамойили ишламаслигини таъкидлайди.
  • «Алифболар тарихида энг мақбул тамойил — бу бир ҳарф бир товушни ифодалаши ҳисобланади. Шу маънода, амалдаги ўзбек лотин алифбосида бу қоидага риоя қилинишига қарамай, бир қанча истиснолар мавжуд. Хусусан, Sh ва Ch ҳарфларини қўллашда. Яъни, иккита ҳарф битта товушни ифодалайди», — дейди филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов Kun.uz билан суҳбатда.
  • «Янги авлод учун тил саводхонлигини ўзлаштириш нақадар қийин кечаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, — дейди Ҳамидулла Болтабоев „Газета.uz" мухбири билан суҳбатда. Тил саводхонлиги деганда олим она тилида сўзлашувчининг оғзаки ва ёзма нутқида ўзбек адабий тили меъёрларига амал қилиш қобилиятини назарда тутмоқда. — Гап фақат Ch ва Sh ёки Gʻ устида эмас. Алифбодаги ҳар бир ҳарф битта вазифани бажариши керак. Клавиатурада битта ҳарфни ёзиш учун икки ёки ундан ортиқ белгилардан фойдаланишга тўғри келган тақдирда, бу матн ёзиш жараёнини ҳам, тил ўрганишни ҳам қийинлаштиради».
Комил Жалилов эса бошқача фикрда. Унинг фикрича, «бир товуш — бир ҳарф» тамойилига араб ёзувида ҳам (масалан, сўз ичидаги унлилар ёзувда тушириб қолдирилган), кирилл ёзувида ҳам («O» ҳарфи сўзга қараб турлича талаффуз қилиниши мумкин) амал қилинмаган: масалан, «ток» (электр токи) ва «ток» (дўлма учун фойдаланиладиган узум барги).
  • «Лотин алифбосида ҳам бу тамойилга амал қилинмайди. Sh ва Ch ўрнига думли Ş ва C ҳарфининг киритилиши лотин алифбосини бу тамойилга яқинлаштирмайди», — дейди Жалилов.
Янги лотин алифбосига ўтиш тарафдорларининг кўпчилиги, худди ўз давридаги Абдурауф Фитрат сингари, ўзбек тили туркий тиллар гуруҳига мансублиги сабабли, ўзбек тилини туркийлик тамойилларига мувофиқ такомиллаштириш зарурлигига ишора қилмоқда.
  • «1996 йилга келиб, айрим ҳарфларни иккита белги ёрдамида ёзишга ўтдик. Гап Sh ва Ch ҳақида кетмоқда. Энди биз Ғарбга қарамаймиз. Озарбайжон ёки Туркияга эргашмаймиз. Биз уларнинг алифбосини қабул қилмаймиз. 1928 йилда Фитрат ва Мунаввар қори [Абдурашидхонов] томонидан ишлаб чиқилган ўз алифбомизни жорий этишга ҳаракат қиляпмиз», — дейди Ҳамидулла Болтабоев.
Янги лотин алифбосига ўтишга қарши чиқаётган гуруҳ тўртта ҳарфни ўзгартириш таклифини алифбо масаласини сиёсийлаштиришга уриниш сифатида баҳоламоқда. Муаммо шундаки, Ўзбекистонда омма орасида кирилл ва лотин алифболарининг қўлланилиш нисбати бўйича илмий тадқиқотлар мавжуд эмас. Лотин алифбосининг янги кўринишига ўтиш аҳоли саводхонлигига қандай таъсир қилиши юзасидан илмий асосланган прогнозлар ҳам йўқ.
  • «Алифбони ислоҳ қилиш орқага қадам ташлашни англатади. Лотин алифбосининг янги версиясига ўтиш — йўл белгилари, телевидениедаги, онлайн макондаги матнлар ва бошқаларни ўзгартириш дегани. Аҳоли орасида янги лотин алифбосида ёзиш одат тусига кириши учун кўп вақт талаб этилади, бу эса саводхонликка тааллуқли масала», — дейди психолингвистика бўйича мутахассис Ирода Азимова.
Унинг тушунтиришича, тилларни ўзлаштираётган одам сўзларни яхлит тузилма сифатида кўришга одатланади: «Мия ҳарфларнинг умумий сони, сўзларнинг маънолари ва контекстини таҳлил қилади. Бу мактаб даврида бошланувчи узоқ жараён. Тил саводхонлиги шундай шаклланади. Аҳоли қайтадан ўрганиши мумкин, лекин бунинг учун вақт талаб этилади».

Психолингвист устози, филология фанлари доктори Азиз Жўраевдан иқтибос келтириб, алифбони ўзгартириш «матннинг синиши»га олиб келишини таъкидлайди.
  • «Тилнинг муҳим вазифаси бор — ахборот узатиш. Алифбони ўзгартириш натижасида билимларни узатиш тезлиги ўзгариши мумкин. Ахборот контентини ёзадиган, яратадиган одамларга, худди шу контентнинг ўқувчи ва истеъмолчилари сингари, янги алифбони ўрганиш учун вақт зарур. Бундай шароитда аҳолининг саводхонлик даражаси пасаймайди, деб ўйлаш — бу калтабинлик», — дея қўшимча қилади у.
Лотин алифбосининг амалдаги версиясида ҳам, таклиф қилинаётган версиясида ҳам [ц] товушини ўз ичига олган неологизмлар масаласи мавҳумлигича қолмоқда. Бу товуш ўзбек тилига рус тили таъсирида кириб келган. Масалан, «цех», «полиция», «цирк». Ўзбек тилида «Ц» ҳарфи мавжуд эмас, шунинг учун унинг ўрнига «S» ёки «TS» ишлатилади. Айрим ҳолларда бу парадоксларга олиб келади. Масалан, лотин тилида «цех» баъзан «sex» деб ёзилади. Инглиз тилида бу сўз жинсий алоқани билдирганлиги сабабли, айрим кишилар бу сўзни атайин грамматик хато билан — «seh» деб ёзади.

«Газета.uz» мухбири [ц] товуши масаласи бўйича изоҳ сўраб, ишчи гуруҳ вакилига мурожаат қилди, бироқ жавоб олмади.

Қайд этиш жоиз, ўзбек лотин ёзувини жорий этиш тўғрисидаги 1993 йилги қонуннинг биринчи таҳририда «С c» ҳарфи айнан «ц» ифодалар эди, «Ч» учун эса «Ç ç» ҳарфи ишлатилган.

Танқидчилар, шунингдек, бюджет харажатларига ҳам ишора қилмоқда, сабаби — янги алифбо киритилгандан сўнг йўл белгилари, реклама баннерлари, пешлавҳалар, дарсликлар, веб-сайтлар ва бошқаларни ўзгартириш керак бўлади. Низомиддин Маҳмудов Kun.uz мухбирининг шу мавзудаги саволига жавоб берар экан, катта харажатларни кутишга ҳожат йўқлиги, чунки ўтиш босқичма-босқич бўлишини қайд этган.

Янги алифбога ўтиш тарафдори бўлган блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз постида дарсликлар ҳар икки-уч йилда бир янгиланишини, паспорт ва ID-карталардан уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар фойдаланиш мумкинлигини таъкидлайди. Купюралар босқичма-босқич ўзгартирилади, эскилари эса истеъмолда қолади. Йўл белгиларини алмаштириш ҳам, унинг фикрича, уларнинг хизмат қилиш муддати билан белгиланиши мумкин.
реклама
реклама
Тўртта ҳарфни алмаштириш = алифбони алмаштириш?
Ўзбекистонда алифбодаги қандай ўзгариш сезиларли ёки кичик ўзгариш, деб ҳисобланиши мумкинлиги тўғрисида илмий тадқиқотлар мавжуд эмас, шунинг учун тилшуносларнинг субъектив қарашларига таянишга тўғри келади. Блогер Элдар Асанов Qurultoy подкастида алифбога ўзгартириш киритишда илмий ёндашув зарурлигини таъкидлади.

«Лотин алифбосининг амалдаги версиясига ўтишни якунлашни муҳим деб ҳисоблайман. Лотин алифбосининг янги кўринишига ўтишга келадиган бўлсак, у ҳолда тилнинг бутун табиатини очиб берувчи тадқиқотлар асосида имкон қадар идеалга яқин версия яратиш зарур. Икки ёки учта ўзгариш учун алифбони «безовта қилиш»га зарурат бормикин, билмадим», — дейди Асанов.
Ойбекнинг 1938 йили лотин ёзувида чоп этилган «Қутлуғ қон» романи.
Фото: Жаҳонгир Азимов
Ирода Азимова тўртта ҳарфни ўзгартиришга нисбатан алифбога кичик аралашув сифатида қараш мумкин эмас, деб ҳисоблайди.
  • «Сабаби — ҳарфлар сонининг сўз ва гапларга яхлит таъсирида. Toshkent сўзи Toşkent деб ёзилади. Ҳарфлар сонининг ўзгариши сўзни яхлит қабул қилишга халал беради. Натижада сўзни англаш учун миямиз ҳарфлаб ўқийди. Аввал битта сўзни таниб олишга сарфланадиган вақт тахминан икки баробарга ортади. Бу ўқиб тушуниш жараёнининг самарасини туширади», — дейди у.
Ҳамидулла Болтабоев ўтиш аҳоли учун қийинчилик туғдиради, деб ҳисобламайди, сабаби «у аҳоли шундоғам талаффуз қилаётган товушларни қоғозга кўчиради».
  • «Биз тилимизнинг гўзаллигини сақлаб қоламиз. Бу ерда гап фақат чиройли, адабий сўзлардан фойдаланишда эмас, балки уларни тўғри талаффуз қилишда ҳам», — дея қўшимча қилади у.
Комил Жалиловнинг фикрича, тилнинг кодификациясидаги ҳар қандай ўзгариш катта ўзгариш деб ҳисобланиши лозим.
  • «Ҳатто битта ҳарфни ўзгартирган тақдирингизда ҳам, бу аллақачон катта ўзгариш, чунки бу имло қоидалари ва матнни идрок этиш билан боғлиқ ўзгаришларни ҳам ўз ичига олади. Гап бу ўзгариш катта ёки кичиклигида эмас, балки бу мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигида. Мен [ўзгартиришнинг] мақсадга мувофиқлигини кўрмаяпман», — дейди у.
У ўз позициясини янгиланган алифбога ўтиш аҳолининг «функционал саводхонлиги»га таъсир қилиши мумкинлиги билан изоҳлайди. Яъни, у ёки бу сабабларга кўра одамлар янги алифбони қабул қилмай, тил ислоҳотини рад этади — худди ҳозир кирилл алифбосида ёзишда давом этаётганидек.

«Бу одамлар бутунлай саводсиз бўлиб қолишини англатмайди», — дея қўшимча қилади Жалилов.
Лотин ёзувининг янги кўринишига ўтишга қаршилар ўтишнинг тубдан эмаслигини (ўзбек тили тарихида бўлгани каби арабдан лотинга ёки лотиндан кириллга эмас) тан олишади. Бироқ, улар муаммо янги алифбода эмас, балки халқ орасида сингиб кетган одатларда эканлигига ишора қилмоқда.

«Одам ёзаётган пайтда ёзишни ўрганган алифбосидан фойдаланади», — дейди Ирода Азимова.
Бир умрлик одатлар
Ëзувчи Ойбекнинг уй-музейида унинг фотосуратлари, романлари нашрларининг турли версиялари, шахсий буюмлари ва қўлёзмалари жамланган. Хусусан, қўлёзмалари орасида 1940 ва 1944 йилларда нашр этилган «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романлари ҳам бор. Яъни, кирилл алифбосига ўтилган ва лотин алифбосига ўтилганидан 11 йил кейинги даврга оид нашрлар. Ойбек ҳар иккала роман қўлёзмасини араб ёзувида ёзган. Айтишларича, ёзувчи лотин ва кирилл алифбосини мукаммал билишига қарамай, умрининг охиригача араб имлосида ёзишда давом этган. Унга шуниси қулайроқ бўлган. Матнларни чоп этиш учун унинг рафиқаси Зарифа Саиднасирова тайёрлаган.
Бундан шундай хулоса қилиш мумкин: Ўзбекистон лотин алифбосига ўтиш учун 30 йил эмас, балки ундан ҳам кўпроқ — тахминан 100 йилдан бери муваффақиятсиз уриниб келмоқда. Бир қисми кирилл, бир қисми лотин алифбосида ёзишга одатланган аҳолига тарихий ва сиёсий мотивлар таъсир кўрсатган. Комил Жалилов буни авлодлар узилиши, деб ҳисоблайди. У алифбонинг янги версияси қабул қилиниши яна бир узилишни юзага келтириши ҳамда янги алифбо (агар қабул қилинса) фақатгина кейинги авлод учун тил асоси ва меъёрига айланишидан хавотирда.
Ўтиш муқаррар бўлса…
Алифбо ўзгаришини ёқлаётганлар ҳам, бунга қарши чиқаётганлар ҳам ислоҳот муқаррар эканини тушуниб турибди — жорий алифбо эртами-кечми барибир такомиллаштирилишга муҳтож. Айни ватқда, улар идеал алифбони яратиш имконсиз эканини ҳам тан олади.

Келгусида алифбони яна қайта ислоҳ қилишга зарурат туғилмаслиги учун қарор ҳар томонлама ўйлаб қабул қилиниши лозим, деб ҳисоблайди «Газета.uz» суҳбатдошлари. Бундан ташқари, барча қарорлар тор доирада эмас, нисбатан кенгроқ муҳитда муҳокама қилиниши керак.

Алифбога «C» («ч») ва «Ş» («ш») ҳарфларини киритиш таклифи кўпчилик томонидан маъқулланаётган бўлса-да, «Ğ ğ» ва «Õ õ» ҳарфлари учун ҳар хил диакритик белгиларининг ишлатилиши савол келтириб чиқаряпти.

Масалан, блогер Мирзо Зоминий матн теришда қулайлик яратиш ва кўрганда ҳам осон идрок қилиш учун бир хил апострофга эга «Ō ō» ва «Ḡ ḡ» ни киритишни таклиф қилди.

Asaxiy онлайн-маркетплейси ва Asaxiy Books лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев «Газета.uz» мухбирига берган изоҳида 25 ёшдан ошганлар китобларни кирилл алифбосида ўқишини таъкидлади. Бироқ, у бу тенденциянинг ўзгараётганини ҳам қайд этиб ўтди.

«24−25 ёшгача бўлган янги авлод лотин тилидаги адабиётларни афзал кўряпти. 2025 йилдан биз ҳам китобларни чоп этишда лотин алифбосига тўлиқ ўтишни режалаштиряпмиз, — деди у.
Матнни Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу саҳифада танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг