Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАОнинг Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги ҳисоботини таҳлил қилди.

2020−2022 йилларда Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолатлар 3,0 фоизгача камайган (жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткич — 9,2 фоиз). Хусусан, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2020−2022 йилларда 2,5 фоиздан паст бўлган.

Қайд этилишича, 2022 йилда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви Марказий Осиё аҳолисининг 4,6 фоизига дахл қилган (дунё бўйича ўртача кўрсаткич 11,3 фоиз). Бу 2021 йил кўрсаткичига нисбатан 0,4 фоиз пунктига паст, лекин 2019 йилда COVID-19 пандемияси бошланишидан олдин қайд этилган 2,3 фоизлик даражадан юқори.

2022 йилда Марказий Осиёда 3,5 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ оғир аҳволга тушиб қолган. Бу 2021 йилдагига нисбатан 0,3 миллион кишига кам.

2022 йилда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши ўртамиёна ёки оғир аҳволда эканини акс эттирувчи* ўртача кўрсаткич 17,4 фоиз (дунё бўйича ўртача кўрсаткич 29,6 фоизга тенг) ни ташкил этди. Бу эса 2021 йилдаги ўртача кўрсаткичдан 2,7 фоиз пунктига паст.

ФАО ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши ўртамиёна ёки оғир бўлган шароитга тушиб қолганлар сони 13,4 миллион кишини ташкил этди. Бу 2021 йилдагига нисбатан 1,9 миллион нафарга кам.

Озиқ-овқат хавфсизлигининг ўртамиёна таъминланиши — бу одамлар зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олишга ишончини йўқотадиган ва пул ёки бошқа ресурслар етишмаслиги сабабли йил давомида истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва миқдорини баъзан камайтиришга мажбур бўладиган ҳолат.

Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши оғир аҳволда эканлиги одамларда озиқ-овқат маҳсулотларининг тугаши, уларнинг очарчиликни бошдан кечириши ва энг ёмон ҳолатда ўз саломатлиги ва ҳаётини хатарга қўйиб, кетма-кет бир неча кун мобайнида овқатланмаслигини англатади.

2022 йилда Марказий Осиёда 5 ёшгача бўлган болалар орасида бўй ўсишида ортда қолиш кўрсаткичи 7,7 фоизни ташкил этди. Бу 2020 йилдагига нисбатан 0,9 фоиз пунктига, 2000 йилдаги (28,0 фоиз) га нисбатан эса 20,3 фоиз пунктига кам. Хусусан, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2000 йилдаги 28,9 фоиздан 2022 йилда 6,9 фоизга камайган.

Умуман, Марказий Осиёда 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёллар ўртасида камқонликнинг тарқалиши 12,3 фоиз пунктига камайди — 2000 йилдаги 40,4 фоиздан 2019 йилда 28,1 фоизгача. Ўзбекистонда ҳам камқонликнинг тарқалишини камайтириш борасида муайян ютуқларга эришилди. Шундай қилиб, 2000 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда бу кўрсаткич 21,7 фоиз пунктига камайди (46,5 фоиздан 24,8 фоизгача).