Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати 26−28 январь кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.

Жума куни Ўзбекистоннинг кўп вилоятлари совуқ ҳаво массалари таъсири остида бўлади, куннинг биринчи ярмида қор ёғиши кузатилади, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кундузи ҳарорат +2…+5 даража илиқ, республика шимолида -5 даража атрофида бўлади.

Шанба куни кундузи республикага Туркманистон ҳудудларидан илиқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди. Ҳарорат кечаси 0…−2 даража совуққача, айрим жойларда -5 даражагача пасаяди, кундузи +5…+10 даража илиққача кўтарилади, республика шимолида кечаси −6…−11 даража совуқ, кундузи −2…+3 даража бўлади.

Якшанба куни асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик республиканинг барча ҳудудларига тарқалади. Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳарорат кечаси 0…+5 даража илиқни, кундузи +8…+13 даража илиқни, шимолда кечаси −2…−7 даража совуқни, кундузи 2−3 даража илиқни ташкил этади. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

Ушбу даврда республиканинг тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан қор ёғиши, 28 январда баъзи жойларда кучли бўлиши кутилмоқда. Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Пойтахтда жума кунининг биринчи ярмида қор ёғади, туман тушиши мумкин. Шамол ғарбдан 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат +3…+5 даража илиқ бўлади.

27 январда ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 0…−2 даража совуқ, кундузи +8…+10 даража илиқ бўлади.

28 январда ёмғир ёғиши кутилмоқда. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +2…+4 даража илиқ, кундузи +9…+11 даража илиқ бўлади.