Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Поп туманидаги янги боғчада ходимлар оғир ишларни қилишга мажбурланаётгани айтилган хабарлар тарқалди. Суратларда аёл ходимларнинг супураётгани, деразаларни артаётгани, оғир тошларни ва чиқиндиларни ташиётгани ва ер чопаётганини кўриш мумкин.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, 56-сонли давлат боғчаси директори муассаса очилиш маросимига тайёргарлик кўриш учун ходимларни ободонлаштириш, безак ишларини бажарилишга жалб этганини маълум қилди.

Ўрганиш натижалари якунида ташкилот раҳбари ходимларни Меҳнат кодексининг 115-моддасига зид равишда меҳнат шартномасида кўрсатилмаган ва ўз хизмат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларга жалб қилингани аниқланган.

Унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддаси (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми билан маъмурий жарима (БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда) қўлланилган.