Тошкент шаҳар ҳокимлиги чоршанба куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда шаҳар ҳавоси юқори даражада ифлослангани ҳақидаги кўплаб хабарларга муносабат билдирди.

Ҳокимлик бу каби «оғриқли масалаларга» бефарқ бўлмасдан, ўз фикр ва таклифлари билан муҳокамаларда иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирган.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан пойтахтдаги вазиятни яхшилаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Бунда энг аввало экологик барқарорликни таъминлаш, ҳавога чиқаётган маиший чиқиндиларни камайтириш, жамоат транспорти тизимини ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан яхшилаш, йўлларда устуворликни машиналарга эмас, энг аввало пиёдаларга, ундан сўнг жамоат транспортига беришга қаратилган инфратузилмани яратиш ва шу каби бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

«Экологик ҳолатни яхшилаш ва аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш мақсадида айрим кескин қарорларни қабул қилиш талаб этилади. Шу сабабли мазкур қарорлар келгусида салбий оқибатларни келтириб чиқармаслиги учун илмий тадқиқотлар ҳамда таҳлилларга асосланган бўлиши зарур», — дейилади унда.

Айни кунларда шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ҳар бир йўналиш бўйича, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир ишчи гуруҳнинг таҳлилий хулосалари асосида пойтахт миқёсида қилинадиган амалий чоралар ҳақида тақдимот тайёрланмоқда, дейилади хабарда.

«Тез орада ушбу тақдимот кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

«Биз яна бир бор пойтахтни яхшилаш масаласига бефарқ бўлмаган фаол ва фидойи юртдошларимизга миннатдорлик билдирамиз. Сизнинг ҳар бир фикрингиз биз учун муҳим ва биргаликда биз ҳар қандай мураккаб масаланинг ечимини топамиз», — дея таъкидлади ҳокимият.