10 январь куни президентнинг «Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-14-сонли] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2024−2025 йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича «йўл харитаси»;
  • фармацевтика соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг йиғма параметрлари;
  • Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери фаолиятини жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси.

Ушбу кластер ҳудудида «Биотехнологиялар кластери» ташкил этилиб, унга қўшимча 60 гектар ер майдони ажратилади.

Қарорга кўра, шунингдек:

  • ҳар йили 1 декабргача тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун фармацевтика маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж шакллантирилади ва интернет сайтида жойлаштирилади;
  • 2024 йил 1 мартдан давлат харидларини амалга оширишда давлат буюртмачиси бир лотда фақат битта фармацевтика маҳсулотини (халқаро патентланмаган номи бўйича дори воситалари ва тиббий буюмлар) киритиши мумкин бўлган тизим жорий қилинади;
  • 2025 йил 1 январдан босқичма-босқич барча тиббиёт муассасалари томонидан марказлашмаган тартибда харид қилинадиган фармацевтика маҳсулотлари хариди марказлаштирилган тартибга ўтказилади.

2024 йил якунигача ҳудудий тиббиёт ташкилотларининг омборлари «Зарур сақлаш амалиёти — (GSP)» талаблари асосида ташкил этилади ва термолабил дори воситаларини етказиб бериш учун махсус юк ташувчи автотранспорт воситалари билан таъминланади.