Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Хивадаги бинолар ёши интерфаол харитада акс эттирилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти Хивадаги бинолар ёши акс этган интерфаол харита тайёрлади. РРД мутахассислари лойиҳа янгиликлари, янги харита аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилиши, харита тимсолига айланган шаҳар тарихидаги воқеалар ҳақида сўзлаб берди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти Хивадаги бинолар ёши акс этган интерфаол харита тайёрлади. РРД мутахассислари лойиҳа янгиликлари, янги харита аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилиши, харита тимсолига айланган шаҳар тарихидаги воқеалар ҳақида сўзлаб берди.
Хива Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан биноларнинг ёши ва шаҳарлар тарихи акс эттирилган интерактив харита яратаётган Age лойиҳалари туркуми доирасида учинчи шаҳарга айланди. Бунгача Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларининг шундай хариталари тайёрланган эди.
Тошкент ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари, ҳокимлик ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти (РРД) раҳбари Алексей Хеннинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг бошқа туристик шаҳарларига нисбатан қадимийроқ ва — бу ҳам муҳим омил — кичикроқ бўлгани боис, Хива Age лойиҳаси учун навбатдаги шаҳар сифатида танлаб олинган. Шунга қарамай, лойиҳа амалда икки шаҳарни — Хиванинг замонавий қисми ва тарихий Ичан-қалъани қамраб олган.

Age Xiva'ни амалга оширишда археология, тарих, фалсафа, адабиёт ва биология йўналишларида тадқиқотлар олиб борувчи илмий марказ — Хоразм Маъмун академияси олимлари ҳам қатнашган.
реклама
реклама
Интерфаол харитани ишлаб чиқиш учун департамент мутахассислари 34 721 та бинони ҳисобга олган. Лойиҳа бир неча янги имкониятлар билан бойитилган. Биринчидан, Age Xiva инглиз тилига ўгирилган илк интерфаол харитага айланди. Бу янгилик РРД мутахассисларини бутун лойиҳани халқаро майдон учун мослаштиришга ундади: энди нафақат Хива, балки Тошкент ва Чирчиқнинг интерфаол хариталари билан ҳам ўзбек, рус ва инглиз тилларида танишиш мумкин.

Шундай бўлса-да, Хива харитасида бошқа шаҳарларникида йўқ баъзи функциялар бор. Масалан, шаҳарнинг милоддан аввалги минг йилликдан то бугунги кунгача бўлган хронологик тарихини кўрсатувчи бўлим. Хронология Хива тарихининг энг муҳим даврлари — шаҳарга асос солиниши, Аҳамонийлар ҳукмронлиги, Буюк Ипак йўлининг таъсири, VIII асрдаги араб истилоси, хонликнинг машҳур шахслари ҳақидаги қисқача маълумот берувчи лавҳачалар билан тўлдирилган.
Тарихий хронология бўлимининг Хива бинолари ёши харитаси билан ҳамоҳангликдаги кўриниши.
Хронология билан танишиш вақтида платформа баён қилинаётган даврга мансуб сақланиб қолган тарихий жойларни харитадан алоҳида ажратиб кўрсатади.

Age лойиҳасидаги бошқа шаҳар хариталарида бўлгани каби, фойдаланувчилар Хива харитасида кўрсатилган барча биноларнинг ёшини билиб олиши мумкин. Харитадаги ҳар бир ранг шаҳар тарихидаги маълум бир даврни англатади. У ёки бу даврда қурилган бинолар тегишли ранглар билан бўялган. РРД ходимлари бу рангларнинг ҳар бири нимани англатиши ҳақида сўзлаб берди.
Ферузаранг
Харитадаги энг қадимий жойлар милоддан аввалги VI асрга мансуб. Бу давр Хива тимсолларидан бири ҳисобланган Хейвақ қудуғидаги сувга ишора қилгани ҳолда ферузаранг билан ажратилган.

Хива — Ўрта Осиёнинг милоддан аввалги V асрда асос солинган энг кўҳна шаҳарларидан бири. Шаҳарнинг пайдо бўлиши ва унинг номи ҳақида кўплаб афсоналар бор. Шаҳардаги барча экскурсиялар Нуҳ пайғамбарнинг Сом исмли ўғли ҳақидаги ривоятдан бошланади. Шаҳарга айнан Сом ибн Нуҳ асос солган, деб ҳисобланилади. Ривоятга кўра, дунёни сув босиши воқеаси бўлиб ўтгач, чўлда кетаётган Сом бироз ҳордиқ чиқариш учун ётади ва тушида қайиқ шаклида бир қатор қилиб жойлаштириб чиқилган ловуллаб ёнаётган 300 та машъалани кўради. Бунда яхшилик аломатини кўрган Сом машъалалар тушида қандай жойлаштирилган бўлса, шундай шаклда бир шаҳар қуради. Шаҳарни қуриш вақтида чанқоқни қондириш учун у Хейвақ қудуғини қаздиради, шундан шаҳар номи — Хива келиб чиқади.
Хейвақ қудуғи. Фото: Canaan Travel.
Хейвақ қудуғи ҳозир ҳам Ичан-қалъанинг шимоли-ғарбий девори тагидаги мўъжаз бир ҳовлида кексалар томондан авайлаб-асраб, қўриқлаб келинади. Қудуқни таъмирлаш вақтида қуббали қурилма қолдиқлари, шунингдек, ёғочдан ишланган илк девор излари топилган эди.
Марваридранг
701 йилдан 1302 йилгача бўлган давр марваридранг билан ажратилган. Ушбу ранг Хиванинг араб саркардаси Қутайба ибн Муслим томонидан эгалланиши муносабати билан танланган. Қутайба минтақага ислом динини олиб келган. Янги дин шу вақтгача бу ерда оммалашган зардуштийликни сиқиб чиқарган.
Ичан-қалъанинг жануби-шарқий бурчаги. VI-VIII асрларга мансуб минора қолдиқлари. 1988 йил. Фото: Хоразм Маъмун академияси
Хиванинг «марваридранг даври»да шаҳарда инсоният тарихидаги энг буюк математиклардан бири, алгебра ва барча замонавий IT-технологиялар асоси ҳисобланган «алгоритм» асосчиси ал-Хоразмий яшаган. Хоразмий математикадан ташқари астрономия, тарих ва география билан ҳам шуғулланган, 20 дан ортиқ илмий ишлар ёзган.
реклама
реклама
Ҳозирги Хоразм ҳудудида уламо, XII аср сўфийларининг йирик вакили Нажмиддин Кубро таваллуд топган. У катта илмий мерос қолдирган. Унинг «кубровия» таълимоти нафақат Хоразмшоҳлар давлатининг маънавий ҳаётига, балки бутун Ислом оламига катта таъсир кўрсатган.
Сариқ
XIII-XIV асрларда Хоразмда яшаган Паҳлавон Маҳмуд ўзининг олижаноблиги, донишмандлиги, шоирлик истеъдоди ва жисмонан жуда бақувват бўлгани билан танилган, шу боисдан ҳам «паҳлавон» лақабини олган эди.

Уни сўфийлар пир сифатида улуғлаган. Паҳлавон Маҳмуд эски куллиётларда Пурёйвалий тахаллуси билан тилга олинади. У бир неча ғазал ва 100 га яқин рубоийлар муаллифидир. Ўзига хос бир туркум сифатида ёзилган бу рубоийларда инсоннинг машаққатли ва гўзал ҳаёти ҳикоя қилинади.

Шоир 1326 йили ўзининг пўстиндўзлик устахонаси ҳовлисига дафн этилган. 1303 йилдан 1548 йилгача бўлган даврларда қурилган биноларни ажратиб кўрсатиш учун танланган сариқ ранг Паҳлавон Маҳмуд мақбараси гумбазининг олтин қуббасидан олинган.
Паҳлавон Маҳмуд мақбараси.
Хивада ҳар йили Паҳлавон Маҳмуд шарафига полвонлар мусобақаси — халқаро Strongman Games ўйинлари бўлиб ўтади. Бразилия, Италия, Янги Зеландия, Испания, Франция, Исландия, Польша ва бошқа мамлакатлардан келган спортчилар машиналарни тортади, ғилдирак шиналарини ағдаради, гранит шарларни юмалатади.
Тилларанг
Харитада 1549 йилдан 1784 йилгача бўлган даврда қурилган бинолар фаровонлик рамзи ҳисобланган олтин ранги билан белгиланган. Амударё ўзанининг ўзгариши сабаб 1598 йили хонлик пойтахти Гурганждан Хивага кўчади — сувсизлик оқибатида Гурганжда яшаш шароити сезиларли оғирлашади, хусусан, аҳолининг Каспий денгизига чиқиш йўллари ёпилиб қолади.
Ичан-қалъадаги XVI-XVII асрга оид топилмалар. 1984 йилги қазув ишлари. Фото: Хоразм Маъмун академияси.
Пойтахтга айланиши билан Хива жадаллик билан ривожлана бошлаган ҳамда ўз даврининг илмий ва диний марказларидан бирига айланган.
Сариқ ғишт ранги
Хоразмни 1763 йилдан 1790 йилга қадар ўзбекларнинг қўнғирот сулоласи асосчиси Муҳаммад Амин Иноқ бошқарган. 1785 йили ғиштдан Муҳаммад Амин Иноқ мадрасаси қурилади. Бино ранги Age Xiva харитасида 1785 йилдан 1841 йилгача бўлган давр рамзига айланди.
Муҳаммад Амин Иноқ мадрасаси. Фото: meros.uz.
Муҳаммад Амин Иноқ ҳукмдорлигининг дастлабки йилларида маълум қийинчиликларга дуч келганига қарамай, кейинчалик ижтимоий-сиёсий тинчлик ва тартиб ўрната олган сиёсий арбоб ҳисобланади. Унинг даврида шаҳарда катта миқёсдаги ирригация ишлари амалга оширилган. У хон сифатида Бухоро амирлигининг 1782 йилги ва кўчманчи туркманларнинг 1770 йилги босқинларини қайтаришга муваффақ бўлади.

Хиванинг «ғиштранг даври»да шаҳарда Элтузархон топшириғига кўра хонлик тарихини ёзган адиб Шермуҳаммад Мунис яшаб, ижод қилган.
Тўқ жигарранг
XIX аср ўрталарига келиб Ичан-қалъа шаҳар учун жуда торлик қилиб қолади, шу боис 1842 йили хонлик ҳукмдори Оллоқулихон Дишан-қалъани қурдиради. Янги қалъа девори баландлиги 8 метр, узунлиги эса 6 километрдан зиёд эди. Иншоот шаҳарнинг ҳунармандлар яшайдиган, савдо расталари, боғ ва маъмурий бинолар жойлашган қисмини душмандан ҳимоя қиларди.
Дишан-қалъа деворлари. Фото: Хоразм Маъмун академияси
«Тўқ жигарранг» даврнинг алоҳида эътиборга молик шахсларидан бири сифатида Хива хонлигидаги биринчи фотосуратчи ҳисобланган Худойберган Девоновни кўрсатиш мумкин. Унинг «Ўрта Осиё меъморий ёдгорликлари», «Туркистон кўринишлари», «Хива ва хиваликлар» каби қисқа фильмларини интернетдан топиш мумкин.
Қизил
Хиванинг «қизил даври» хонликнинг қулаши ва совет ҳокимиятининг ўрнатилиши — 1920 йиллардан 1966 йилгача бўлган даврни қамраб олади.

Саид Абдуллахон 1918 йили тахтга ўтиради, 1919 йил кузида эса уни ағдаришга қарор қилишади. Хоразмга Қизил армиянинг қуролли бўлинмалари ташланади.

1920 йил 2 февралида Қизил армия шаҳар мудофаасига раҳбарлик қилган Жунаидхон армияси устидан ғалаба қозониб, Хивага киради. Шу куннинг ўзидаёқ Хива хонлиги расман тугатилгани эълон қилинади, 4 апрелга келиб эса Хоразм коммунистик партияси тузилади.
реклама
реклама
1967 йилдан ҳозирги кунгача бўлган давр
1967 йилдан то ҳозирги кунгача бўлган давр 10 та турли ранг билан ажратилган. Департамент раҳбари Алексей Хеннинг сўзларига кўра, бу мазкур 56 йилликда жуда кўп бинолар қурилгани билан изоҳланади. Ўрта асрлардан бизнинг давримизга қадар саноқли бинолар сақланиб қолган бўлса, совет даври ва мустақиллик йиллари ўн минглаб янги иморатлар қурилган. Агар бу давр учун 10 та эмас, камроқ ранг танланса, харита амалда деярли бир хил тусда бўлиб қолур эди.

Шаҳарнинг ушбу давр тарихидаги энг муҳим палла сифатида 1967 йилни кўрсатиш мумкин — шу йили Ичан-қалъа меъморий музей-қўриқхона сифатида тан олинади. Шу боис 1967 йилдан 1980 йилгача бўлган давр Ичан-қалъа девори рангларида — қизил-тўқ сариқ билан ажратилган.

Шундан сўнг «тўқ сариқ», «оч сариқ», «бодомранг» йиллар келади. Улар, мос равишда, 1981−1982, 1982−1985, 1986−1990 йилларни билдиради.

Кейинги 26 йил давомида қурилган бинолар Хива харитасида кўк ва мовий рангнинг беш хил товланиши билан ажратиб кўрсатилган. Ичан-қалъанинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси ёдгорликлари рўйхатига киритилиши ва шаҳарнинг 2500 йиллик тантаналари - бу даврдаги энг муҳим воқеалар ҳисобланади.

Шавкат Мирзиёев президентлиги даври яшил ранг билан ажратиб кўрсатилган - Хива шу даврда, айнан 2019 йили Турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинганди.
Рақамли ривожланиш департаменти Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Марказий Осиё тарихи бўлими катта илмий ходими, PhD Қаҳрамон Ёқубовга, Хоразм Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаевга, академиянинг ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими катта илмий ходими Баҳром Саъдуллаевга ва Хоразм вилояти ҳокимлиги рақамли ривожланиш бошқармаси бошлиғи Отабек Янгибоевга миннатдорлик билдиради.
«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг