Жадидчилик ҳаракати намояндалари фаолиятини ёритувчи «Хотира сўқмоқлари» лойиҳаси доирасида 15 декабрь куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Абурауф Фитрат ҳаёти ва ижодига бағишланган «Хотира сўқмоқлари: Абдурауф Фитрат» номли кўргазма очилди. Лойиҳа муаллифи, мустақил тадқиқотчи Мақсуд Аскаров аввалроқ Абдулҳамид Чўлпон ва Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишланган кўргазмаларни ташкиллаштирган эди.

александр жумаев, галерея, жадидлар, кўргазма, мақсуд аскаров, чўлпон, маҳмудхўжа беҳбудий, абдурауф фитрат, фитрат, тасвирий санъат галереяси

Мусиқашунос, Фитрат ҳақидаги «Вақт, шахсият, маданият ва илмий фаолият» асари муаллифи Александр Жумаев кўргазма очилишида сўзга чиқаркан, Фитрат сиёсий жараёнларда иштирок этиш билан бирга олим, шоир, носир, бир сўз билан айтганда энциклопедист бўлганини таъкидлади.

Александр Жумаев. Александр Жумаев.

«Мақсуд Аскаров аввал ҳам ажойиб кўргазмалар ўтказган эди. Ушбу анъана бу сафар ҳам давом этган, деб ўйлайман. Бу иш маданий ҳаётимиз, тарихимиз, Фитрат шахсига қизиқувчиларнинг эътиборини жалб қилади, деб умид қиламан», — деди у.

Тадбирда санъатшунос Сайёра Назарова Фитрат билан боғлиқ айрим оилавий хотиралар билан бўлишди — унинг бувиси Фотима Бурҳонова (Ўзбекистон мадҳиясининг мусиқаси муаллифи Мутал Бурҳоновнинг опаси — таҳр.) Фитратнинг учинчи турмуш ўртоғи бўлган.

«Улар турмуш қурганида бувим 16, Фитрат эса 42 ёшда бўлган. Табиийки, Фитрат бувим учун ёши катта ва кекса туюлган. Бу турмушга розиликнинг шартларидан бири — Фитратнинг бувимни ўқитиш ваъдаси бўлган. Фитрат бувимга европача либос кийдирган, сочини кесган, лекин уни ҳеч қаёққа қўймаган. Фитрат бувимни телбаларча севган ва уни йўқотишдан жуда қўрққан. Аммо охир-оқибат улар барибир ажрашишган», — дейди Сайёра Назарова.

Сайёра Назарова.Сайёра Назарова.

Кўп ўтмай Фотима Бурҳонова иккинчи марта турмуш қурган, шундан сўнг санъатшунос Сайёра Назарованинг онаси туғилган.

«Қандайдир ҳайратланарли тасодиф билан онам Фитрат шахсини ўргана бошлаган. У Фитратнинг мухлиси эди. Онам бувимдан доим: „Нега бундай одамни тарк эта олгансиз?“, деб ҳайрон бўлиб сўрарди. Бувим эса қайнонаси сабаб уларнинг орасига совуқчилик тушиб, ажрашиб кетганлари учунми, Фитрат ҳақида гапиришни ёқтирмасди. Лекин мен хурсандман. Принципиал жиҳатдан, бу одам бизники эди. Бундан жуда фахрланаман. Бизнинг оиламизда Фитратдан бир қанча буюмлар қолган. Уларни жуда қадрлайман», — деди Сайёра Назарова.

Санъатшуноснинг қўшимча қилишича, мазкур буюмлар кўргазма учун тақдим этилган.

александр жумаев, галерея, жадидлар, кўргазма, мақсуд аскаров, чўлпон, маҳмудхўжа беҳбудий, абдурауф фитрат, фитрат, тасвирий санъат галереяси

«Хотира сўқмоқлари» жадидларга бағишланган, айни вақтда музей экспозицияга ўхшамаган, янгича талқиндаги дастлабки кўргазмалар бўлиб, лойиҳа муаллифи Мақсуд Аскаров мазкур жараёнга алоқадор эканидан мамнунлигини билдирди.

«Археологлар кўҳна тарихимизнинг ашёларини топиб берса, бизнинг асосий вазифамиз жадидлар, миллат ойдинлари билан боғлиқ 1938 йилда ёпилган китобларни очиш ва уларни жамиятга кўрсатишдан иборат. Ўша китобларни варақлаш, бу даврда яшаган инсонларнинг ҳаётини ўрганиш мен учун ниҳоятда ҳаяжонли, қизиқ. Кўргазмада шу ички кечинмаларимни ўзига хос талқин қилдим. Тасаввуримдаги романтик, лирик, ўзига хос инсон — Фитрат сизнинг қалбингиздан ҳам худди шундай жой олади, деб ўйлайман», — деди у.

Мақсуд АскаровМақсуд Аскаров

Лойиҳа тарихи

«Хотира сўқмоқлари» лойиҳаси уч йилдирки давом этиб келмоқда. У жадидларга бағишланган туркум кўргазмалар уюштириш қарори сабабларини тушунтираркан, Ўзбекистонда хотира музейларининг саёзлиги, қатағон мавзуси тўла очилмагани, бу мавзу билан боғлиқ ахборий очлик кучли эканини таъкидлади.

Асли маданият ва туризм мутахассиси бўлган Мақсуд Аскаров жадидлар мавзусига бежиз қизиқиб қолмаган: у Чўлпонга холавачча бўлган бувисидан Чўлпон ва жадидлар ҳақидаги хотираларни эшитиб улғаяди.

«Кўп даврлар оиламизда Чўлпон ҳақида гапириш мумкин бўлмаган. Бувимиз болалигимиздан Чўлпон, унинг қариндошлари билан муносабатлари, боғларга бирга ўйнагани чиқишларию, меҳмонга бориб-келишлари ҳақида айтиб берарди. Чўлпон бувимнинг хотирасида ниҳоятда гўзал шахс сифатида из қолдирган. Унинг Чўлпон ҳақидаги узуқ-юлуқ таассуротлари менда жадидларнинг ҳаётига қизиқиш уйғотган», — дейди Аскаров.

Оиласининг Чўлпонга алоқадорлиги, қолаверса, ушбу адибга доир материаллар кўплиги боис ҳам «Дуторнинг туғилиши» номли биринчи кўргазма айнан унга бағишланган — кўргазмада Чўлпон ва унинг яқинларига тегишли буюмлар, суратлар, видеоарт ва дутор инсталляцияси намойиш этилган. Бунда дутор (соз) Чўлпоннинг ижодига ишора қилади.

Мақсуд Аскар Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов Чўлпон ҳақида Мутал Бурҳоновдан ёзиб олган қуйидаги хотирадан илҳомланганини айтади:

«…Чўлпон жуда серандиша, одамларга бехосдан озор бериб қўйишдан чўчийдиган, кўнгилчан ва чинакам шоирона табиатга эга эди. Арзимаган нарсага хуноби ошиб, фиғони фалакка етар, асабийлашар, яна арзимаган сабаб билан кайфияти жойига келиб қоларди. Баъзан шундай бўлардики, Чўлпон бир куйни берилиб тинглаб, ундан бағоят мутаассир бўлиб, чиқиб кетардида, икки-уч кундан кейин шу куйга мослаб шеър ёзиб келарди. Бу шеър эса аввалги сўзларга қараганда, куйга ўн чандон, юз чандон мосроқ бўларди. Чўлпоннинг „Галдир“ деган шеъри бунга мисол бўла олади. У халқ куйига мослаб, дутор тилидан, дутор туйғуларини изҳор қилувчи ажойиб лирик шеър яратган. Чўлпоннинг ўзи қўшиқ айтмас эди, лекин, жиндай дутор чертарди. Назаримда у дуторни чертган одамни ҳам яхши кўрарди ва дуторни алоҳида бир меҳр билан суярди…», — дея хотирлаган Мутал Бурҳонов.

Лойиҳа доирасидаги иккинчи, «Самарқандга мактуб» деб номланган тадбир Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишланиши сабаблари ҳақида тўхталаркан, Аскаров «Беҳбудийсиз жадидлар ҳақидаги китобни очиш ниҳоятда қийин масала» эканини таъкидлайди.

Кўргазма бежизга «Самарқандга мактуб» деб номланмаган: 1903 йилдан бошлаб Беҳбудий «Туркистон вилояти газети» учун юборган мақолаларнинг умумий номи «Самарқанддан мактублар» бўлиб, уларда миллатни қоронғуликдан ёруғликка олиб чиқувчи илм ва тараққиёт ҳақида фикр юритилади.

«Кўргазмадан мақсад — жамият аксини кўрсатувчи Беҳбудий «Ойина»сига юзланиш, унинг мактубларига янги ўзбек жамиятининг жавоби қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида мунозарага чорловдир. Ўтган асрнинг биринчи чорагида Самарқанддан юборилган мактуб бугун, ХХI аcрнинг биринчи чорагида Тошкентда ўзгача янграйди. Унда миллатни кемирувчи ички иллатлар, ташқи таъсир, тараққий топган давлатларнинг илмий салоҳиятидан фойдалана билиш, маданий ва маърифий ўзига хослик ҳақида баҳс кетади. Маҳмудхўжа Беҳбудий бир аср оша биздан жавоб кутади», — дейди Мақсуд Аскаров.

Кўргазмада Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 200 дан ортиқ мақолалари, мактублари, саёҳат эсдаликларидан танлаб олинган иқтибослар — тараққиёт, миллат, Ватан ва маданият ҳақидаги ўй-фикрлари, Беҳбудий давридаги Самарқандга хос, Самарқанд мактабига оид амалий санъат намуналари, Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви ва шахсий архивлардан олинган фото ва видео-ҳужжатлар, уларнинг нусхалари, Беҳбудийнинг хусусий матбаасида чоп этилган ўқув қўлланма, «Ойина» журналининг асл нусхаси ва бошқа экспонатлар намойиш этилган.

Учинчи кўргазма Фитратга бағишланди. «Фитрат ўзбек маданияти, адабиёти ва тили лойиҳасининг ўзига хос ҳаммуаллифи ҳисобланади. Фитратсиз 2023 йилни якунлаш биз учун қийин эди. Кейинги кўргазмаларга йўл очиш учун ҳам Фитратни танладик», — деб таъкидлайди лойиҳа муаллифи.

Фитратга бағишланган кўргазма

александр жумаев, галерея, жадидлар, кўргазма, мақсуд аскаров, чўлпон, маҳмудхўжа беҳбудий, абдурауф фитрат, фитрат, тасвирий санъат галереяси

Санъатшунос, дизайнер, рассом, чироқ усталари ва бошқа мутахассислардан иборат ўндан ортиқ инсоннинг меҳнати сингган ушбу кўргазмага тайёргарлик бир йил аввал бошланган. Кўргазма учта залга бўлинади.

Биринчи залда қафасдаги тўтиқуш ва унинг атрофида сочилиб ётган қоғозларни кўриш мумкин. Муаллиф бу билан Фитратнинг тирик эканлигига ишора қилганини таъкидлади.

Асосий экспозициялар жойлашган иккинчи залда «туш ҳолати»ни эслатувчи мусиқа овози ва тўқ ҳаворанг нур уйғунлиги ҳосил қилинган. Мақсуд Аскаровнинг таъкидлашича, Фитрат ва умуман жадидлар ҳаётини оддий кўрсатиш ниҳоятда қийин, нуқул матн ва суратлар билан ҳиссиётларни қўзғатиб бўлмайди, шунинг учун ҳам кўргазмада ўзига хос ёндашув қилинган.

«Фитратнинг ҳаётий фаолияти мусиқа билан чамбарчас боғлиқ. У биринчилардан бўлиб «Шашмақом»ни нотага туширган, ўзбек мусиқаси, чолғу асбоблари ҳақида китоб ёзган. Фитрат замонига элтиш учун ҳам «Шашмақом»дан «Сараҳбори дугоҳ»ни танладик. Залдаги тўқ мовий ранг эса ташрифчиларга туш кўраётганлик ёки ўзга дунёга ўтиш ҳиссини беради», — дейди у.

александр жумаев, галерея, жадидлар, кўргазма, мақсуд аскаров, чўлпон, маҳмудхўжа беҳбудий, абдурауф фитрат, фитрат, тасвирий санъат галереяси

Асосий зал тўридан Фитратнинг 1922 йили Бухоро Халқ Совет Республикаси нозири (вазири) сифатида тушган сурати ҳамда НКВД ходимлари томонидан тинтув қилинган хонаси ўрин олган. Хона айнан бухороча уй сифатида шакллантирилганлиги ҳамда ундаги барча ашёю экспонатларнинг ХIХ аср охири — ХХ аср бошларига оидлиги ҳам воқеани давр билан ҳамнафас ҳис қилиш имконини беради.

Хонанинг асосий концепцияси Фитратнинг муҳим сиёсий шахс, Бухоро Республикаси нозири сифатда икки тўтиқуш солинган қафаснинг ўртасида ўтирган ҳолатда туширилган сурати асосида яратилган. Кўргазма кульминацияси ҳам айнан шу ерда. Биринчи залдаги қафасда тўтиқуш бор эди, бу ерда эса қафас ерга отилган, эшикчаси очиқ — яъни тўтиқуш чиқиб кетганига ишорани кўриш мумкин.

«Бу — жон танадан чиқиб, озодликка эришгани, унинг ғоялари бизнинг ҳавода муаллақ кезиб юрганини ифодалайди», — дейди тўтиқуш мисолида Фитратни кўрсатмоқчи бўлган муаллиф.

Хонада ғижимланган, маълум қисми оловдан омон қолган сочилиб ётган қоғозлар эса Фитрат муҳаррирлик қилган бўлган «Ҳуррият» газетаси нусхаларидир. Мақсуд Аскаров бу билан ўша даврда матбуот оёқости қилинганлигини кўрсатмоқчи бўлганини айтади.

«Бу 1937 йилдан бошлаб матбуотга бўлган муносабат рамзидир. Китоблар, газета-журналларнинг ерга ташлангани — уларнинг умуман қийматга эга эмаслиги ва ўша давр тарихини ёпишга ҳаракат қилинганига ишорадир», — дейди у.

Фитратнинг биринчи тахаллуси Мижмар бўлиб, «чироқ», «чўғдон» деган маъноларни билдиради. Экспозиция бўйлаб ёниб турган шамлар эса Фитратнинг чироғи ўчмагани, у барҳаёт экани белгисидир.

Экспонатлар орасида Фитратнинг «Ўзбек адабиётидан намуналар», «Сарф. Ўзбек тили қоидаларига оид тадқиқот», «Ҳинд сайёҳи қиссаси», «Шайтоннинг Тангрига исёни», «Мунозара», «Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли мударриснинг жадид мактаблари хусусинда қилган мунозараси», «Мухтасар ислом тарихи», «Амир Олимхоннинг ҳукмронлиги даври» каби китоблари ҳам ўрин олган.

Шунингдек, унинг оиласига тегишли кичик гилам, Фитратнинг пиёласи ҳамда сиёҳдонини ҳам ўша даврни кўрсатиб берувчи муҳим экспонатлар сифатида кўрсатиш мумкин.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари томонидан кафанлик матосига туширилган Фитрат сурати алоҳида эътиборга молик. У НКВД ҳужжатларидан олинган Фитратнинг сўнгги сурати асосида ишланган.

Лойиҳа муаллифи бу сурат оқ қоғозга чоп этиб кўрсатилганда, эҳтимол, кўпчиликка тезроқ тушунарли бўлган бўлиши мумкинлигини, аммо кўргазмада ноодатийликни хоҳлаб, Фитратнинг кафансиз кўмилганлигига ишора қилмоқчи бўлиб, суратни шу тарзда чиздиришни маъқул топганини айтди.

Экспозиция деворларига Фитратдан иқтибослар илиб қўйилган. «Жадидларнинг умри аянчли якунланганини биламиз. Уларнинг ҳаётдан нақадар умидвор бўлгани, миллат ҳақидаги ўйлари, жамиятни тараққий эттириш борасидаги кечинмалари ифодаланган бу иқтибослардан ўша даврдаги муаммолар ҳамон долзарб эканлигини кўриш мумкин», — дейди Мақсуд Аскаров.

Кўргазманинг учинчи залида 1990-йилларда адабиётшунос Бегали Қосимов бошчилигидаги бир гуруҳ тадқиқотчилар томонидан «Истиқлол фидоийлари» туркуми доирасида тайёрланган Фитрат ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилади.

александр жумаев, галерея, жадидлар, кўргазма, мақсуд аскаров, чўлпон, маҳмудхўжа беҳбудий, абдурауф фитрат, фитрат, тасвирий санъат галереяси

Маълумот учун, Тасвирий санъат галереясида 26 декабрь куни соат 15:00 да санъатшунос Александр Жумаев томонидан Абдурауф Фитрат ҳаёти ва ижодига бағишланган кеча ўтказилиши режалаштирилган. Кўргазманинг ўзи эса 20 январгача давом этади.

Атала, бўғирсоқ ва туршак — марҳумларни хотирлаш бўйича бухороча маросим егуликлариАтала, бўғирсоқ ва туршак — марҳумларни хотирлаш бўйича бухороча маросим егуликлари