Тошкентда Business France агентлигининг офисини очиш режалаштирилган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макрон икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган музокараларда маълум қилинди.

Музокаралар аввалида Шавкат Мирзиёев Франция президентига расмий шахслар, етакчи компаниялар раҳбарлари, таниқли маданият ва фан арбобларидан иборат нуфузли делегация бошчилигида Ўзбекистонга келгани учун миннатдорлик билдирди.

«Бу сизнинг Ўзбекистон-Франция дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга шахсий эътиборингиз ва алоҳида ёндашувингизнинг ёрқин тасдиғидир», — деди Шавкат Мирзиёев.

business france, франция

Ҳисоб-китобларга кўра, яқин орада 1 миллиард еврога етиши кутилаётган товар айирбошлаш жадал ўсаётгани қайд этилди. Жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон раҳбари қазиб олиш тармоғи, стратегик хомашё ресурсларини қайта ишлаш, гибрид, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш, «ақлли» қишлоқ хўжалигини жорий этиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни ҳамкорликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этди.

Ишбилармонлар ўртасидаги шерикликни илгари суриш учун Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга тушиши ҳамда Тошкентда Business France агентлигининг офисини очиш режалаштирилаётгани эълон қилинди.

Business France 2015 йил 1 январда UBIFRANCE ва Франция халқаро инвестициялар агентлиги ўртасида бирлашув натижасида ташкил этилган Франция ҳукумати агентлигидир. У давлат муассасаси мақомига эга. Business France асосий фаолияти қуйидагилардан иборат:

  • Франция экспортини рағбатлантириш;
  • Францияга ички инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш;
  • Чет элдаги француз компанияларида халқаро стажировкаларни ўташга имкон бериш;
  • Франциянинг ишбилармон давлат сифатидаги имиджини тарғиб қилиш.

Business France 13 та минтақавий агентликлар билан ҳамкорлик қилади.

business france, франция

Учрашувда гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида уч йиллик дастур қабул қилиш ва унинг доирасида ўзаро Маданият кунларини ўтказиш таклиф қилинди.

Томонлар Самарқанд шаҳрида Франция альянси филиали очилишини олқишладилар ҳамда қўшма олий таълим муассасасини ташкил этишни жадаллаштиришга келишиб олдилар. Франциянинг турли шаҳарларидан Самарқанд, Бухоро ва Хивага чартер рейсларни ташкил этган ҳолда сайёҳлар алмашинувини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Халқаро кун тартибидаги масалалар, хавфсизликка умумий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон етакчиси Франция президентига 2024 йилда Париж шаҳрида ёзги Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини тилади. Давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлашга топшириқ бердилар.