Самарқанд шаҳридаги 9 та кўп қаватли уй қарийб 9 млрд 535 млн сўмлик табиий газдан, 2 та кўп қаватли уй эса 64 млн 800 минг сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан тегишли органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида Самарқанд шаҳридаги 136−144-сонли кўп қаватли уйлар (9 та) табиий газ тармоғига «Биллинг» дастуридан рўйхатдан ўтмаган ҳолда уланиб олиб, ундан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди.

Ушбу кўп қаватли уйлар «А.Б.» МЧЖ томонидан қурилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тизимга қарийб 9 млрд 535 млн сўм (25 млн 90 минг 836 метр куб) зарар етказилганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, мазкур ҳудуддаги 142−143-сонли кўп қаватли уйлар электр энергиясидан фойдаланиш учун шартнома тузмасдан, «ПК-учёт» базасида рўйхатдан ўтмаган ҳолда ноқонуний фойдаланиб, тизимга 64 млн 800 минг сўм зарар етказгани аниқланган.

Қоидабузарга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.