Қашқадарё вилояти Дехқонобод туманида 43 та эчкиэмарни ўлдирган браконьер қўлга олинди, дея хабар қилди вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Касби тумани ИИБ ходимлари ҳамкорлигида 2023 йилнинг 14 июнь куни Касби туманида броконерликка қарши курашиш мақсадида назорат тадбири ўтказилган.

Назорат тадбирида «Касби» МФЙ, Обод маҳалла кўчасида яшовчи фуқаро М.И. яшаш хонадонида Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CITES Конвенциясининг 1-иловасига киритилган бўз эчкиэмарларни тутқунликда сақлаб, уларни нобуд қилаётгани аниқланди. Тезкор тадбирда 20 та эчкиэмарнинг тутқунликда сақланаётгани ва 43 та эчикемар эса ўлдирилиб, териси шилиб олингани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро М.И.дан 20 та тирик эчкиэмар ва 43 та эчкиэмарнинг териси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунининг 25-моддаси, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг 47, 49, 50-моддалари, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунининг 51, 53-моддалари, Жиноят кодексининг 202-моддаси (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш), шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарорининг 2-иловаси сифатида тасдиқланган «Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг VI боб, 126-банди талабларига асосан ҳуқуқбузарга ҳайвонот дунёсига етказилган жами 311 850 000 (уч юз ўн бир миллион саккиз юз эллик минг) сўм зарар ҳисобланиб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Тирик қолган 20 та бўз эчкемар ўзининг яшаш муҳити бўлган Муборак туманидаги чўл ҳудудларига қўйиб юборилди.

Ҳолат бўйича суд иши Дехқонобод туман судда кўриб чиқилди. Айбдорга нисбатан 141 млн 900 минг сўм зарарни ундириш ва 3 йил озодликдан чеклаш жазоси қулланилди.