3 октябрь куни физикавий электроника соҳасидаги йирик олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, Фанлар академияси академиги Назар Юлдашевич Тўраев 85 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа расмий шахслар унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

У 1938 йил 19 майда Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида туғилган. 1961 йили Самарқанд давлат университетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида кичик илмий ходим лавозимида бошлаган.

60 йиллик меҳнат фаолияти давомида Ядро физикаси институти аспиранти, Электроника институти илмий котиби, Тошкент политехника институти кафедра мудири, Термиз давлат университети ректори, Фанлар академиясининг «ФАНУМ» илмий-ўқув маркази директори каби масъул лавозимларда фаолият кўрсатган.

1968 йилда номзодлик, 1981 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.

Қайд этилишича, Назар Тўраев жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этган. 1990−1995 йилларда мамлакат парламенти депутати бўлган.

У «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.