Ўзбекистонда энди тиббиёт талабалари робот-симуляторлар ёрдамида инсон омилисиз имтиҳон топширади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Илм-фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов маълумот берди.

«2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура босқичлари талабаларининг назарий ҳамда амалий билим-кўникмалари инсон омилисиз, махсус робот-симуляторлар орқали баҳоланади», — дейди Ўктам Исмоилов.

Қайд этилишича, муассасаларда ушбу ускуналарни ўртаниш ишлари олиб борилмоқда. Талабалар клиник имтиҳонлардан ўта олса, шифокор бўлиб ишлашига рухсат берилади.

2024/2025 ўқув йилидан барча давлат ва нодавлат тиббиёт олий таълим муассасаларида икки босқичли давлат имтиҳонларини ўтказиш тизими жорий этилади. 1-босқичда талабалар фундаментал фанлар бўйича якуний давлат имтиҳонларини топширса, 2-босқичда клиник фанларни ўзлаштирганлик даражаси баҳоланади.

Дастлабки имтиҳонни муваффақиятли топширганларга курсдан курсга ўтишга, клиник билимларга оид синовларда яхши натижа кўрсатганларнинг эса амалиётда шифокор бўлиб ишлашига рухсат этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан 2023/2024 ўқув йилида клиник ординатура ва интернатура йўналиши бўйича имтиҳонларни ташкил этиш мақсадида тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари ва уларни шакллантирувчи экспертлар гуруҳи тасдиқланди. 2023 йилдан бошлаб клиник ординатура ва интернатурага кириш имтиҳонлари инсон омилидан бутунлай холи бўлади.

Ўктам Исмоиловнинг таъкидлашича, шу пайтгача суҳбат асосида ўтказиб келинган қабул жараёнлари тугатилади. Эндиликда тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий тадқиқот институтларида клиник ординатура ва интернатура мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари бир босқичли тест синовлари асосида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.

Бунда ҳар бир талабгор учун БҲМнинг ярим баравари миқдоридаги тўлов тегишли тиббий таълим муассасаси томонидан тўлаб берилиши белгиланган. Қабул жараёнлари йилига 2 марта ташкил этилиши ҳам номзодлар учун қўшимча имконият беради.

Юқорида келтирилган «Йўл хатираси»га асосан етакчи хусусий клиникаларда клиник ординатура дастурлари асосида тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат тиббий олий таълим муассасаларининг хирургия, кардиология, стоматология ва терапия каби қатор кафедраларига ривожланган хусусий кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ўқув-клиник амалиёт базасини ташкил этишга рухсат берилади.

Хусусий тиббиёт муассасаларининг клиник ординатурага қабул жараёнлари ҳам давлат муассасаларида бўлганидек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бир босқичли тест шаклида йилига 2 марта амалга оширилади.