Нукусда метан «заправка» 3 млрд 854 млн 433 минг сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди, дея хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан Бош прокуратура, «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ходимлари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган назорат тадбирларида Нукус туманида жойлашган «Max Gaz Servis» МЧЖ табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди.

Хусусан, «Max Gaz Servis» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган газ сарфини ўлчаш комплексига ташқи таъсир кўрсатилганлиги маълум бўлди.

Ноқонуний ҳолат оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 3 млрд 854 млн 433 минг сўм (3 млн 854 минг 433 метр куб)ни ташкил этган.

«Ушбу ҳажмдаги табиий газ 19 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади. Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди», — дейилади хабарда.