Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида Қизил китобга киритилган гулбалиқлар овлангани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Рейд давомида «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ва Шаҳрисабз ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан оқиб ўтувчи Танхоздарё дарёси ирмоғида фуқаролар томонидан 27 дона Амударё гулбалиқлари ноқонуний овлангани аниқланган.

Ноқонуний ов оқибатида табиатга 133 млн 650 минг сўм зарар етказилган. Ҳолат бўйича суриштирув ишларини олиб бориш ва қонунбузарларга нисбатан чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш учун расмийлаштирилган.

Маълумот учун, Амударё гулбалиғи йўқолиб бораётган кенжа тур ҳисобланиб, Ўзбекистон Қизил китоби ва SITES конвенцияси (Қизил китоб ва Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция) иловасига киритилган.