2023 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистондаги мактаб ўқувчиларининг 6 нафарида эрта туғуруқ ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмийси маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

31 июль куни АОКАда вазирлик раҳбарияти матбуот анжумани ўтказиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди. Хусусан, вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Азамат Камолов мактабларда кузатилаётган эрта ҳомиладорлик ва эрта туғуруқ ҳолатларига оид саволга жавоб қайтарди.

«Умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида эрта ҳомиладорлик ва эрта туғуруқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар: Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, жойлардаги маҳалла фаоллари ҳамда мактаб психологлари, синф раҳбарлари, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари билан яқин ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, юқоридаги давр давомида кузатилган эрта туғуруқ ҳолатларининг 2 таси Қашқадарёда қайд этилган. Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 1 тадан ҳолат кузатилган. «Таҳлилларга кўра, буларнинг аксарияти ёзги таътил даврида ёки мактабдаги ўқишдан ташқари пайтларда содир бўлган. Лекин бу мактаб масъулиятни зиммасига олмайди, дегани эмас», — дея қўшимча қилди Азамат Камолов.

Бошқарма бошлиғи ўринбосарининг айтишича, ўқувчи қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ходимлари билан бу каби ҳолатларнинг оқибатларини тушунтириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказиб келинади.