Тошкент шаҳрида 1902 йилда ишлаб чиқарилган олтин тангани сотаётган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Яккасарой тумани бўлими, ДХХ ва Тошкент шаҳри ИИББ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда фуқаро А.Т. ва бошқалар оғирлиги 32,22 грамм бўлган 1 дона «Николай-2» олтин тангасини 100 минг долларга сотмоқчи бўлгани аниқланган. Шу пайтда улар ашёвий далиллар билан ушланган.

Маданий мерос агентлигининг хулосасига кўра, ушбу олтин танганинг бугунги кундаги баҳоси 1 млрд сўмни ташкил этади.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.