Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар давлати амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 5−6 июнь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Олий мартабали меҳмон ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бўлажак олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

«Бунда, энг аввало, фаол сиёсий мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътибор марказида бўлади», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилади. Учрашув якунида салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, Қатар амирининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 25 йилдан зиёд тарихида биринчиси бўлади.