20 май куни Тошкент шаҳрида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» номли террорчилик ташкилотининг 8 нафар яширин аъзоси ушланди, дея хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

Келтирилишича, улар Тошкент шаҳри ҳудудида жамоавий йиғинлар ўтказиб, келгусида Сурия давлати ҳудудидаги террорчилик ташкилотларининг сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Шунингдек, гумонланувчилар террорчилик ташкилоти етакчилари билан интернет ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа ўрнатиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келган, дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан шаҳар Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатган. Гумон қилинувчиларга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

«ТЖК» Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан террористик ташкилот деб топилиб, Ўзбекистон ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган.