Ўзини Президент администрацияси ходими сифатида таништирган шахс ва унинг шериги фуқарога уни туманга ҳоким қилиб қўйишини айтиб, 80 минг доллар сўрагани аниқланди, деб хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 18 май куни ИИВга Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилган.

Унга кўра, апрель ойида ўзини Президент администрацияси ходими сифатида таништирган шахс ва унинг шериги Учкўприк ва Бешариқ туманлари ҳокимлари 30 апрелдаги референдумдан сўнг лавозимидан олиниши, ўрнига номзод қидирилаётганини айтган.

Фуқародан эса Учкўприк туманига ҳоким этиб тайинланиш эвазига 80 минг доллар, ҳужжатларни расмийлаштириш учун олдиндан 25 минг доллар сўралган. Шундан сўнг фуқаро уларга қонуний жазо кўришларини сўраб мурожаат қилган.

Аризага кўра ўтказилган тезкор тадбир давомида Миробод туманида 2 нафар шахс ариза муаллифидан 25 минг долларни бўнак сифатида олган вақтда ушланди. Уларнинг ёнидан бир неча фуқароларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун Президент администрациясига ёзган аризалари текшириш учун олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми «а» (Жуда кўп миқдорда пора бериш) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳар икки гумонланувчи процессуал тартибди қамоққа олинган.