Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринади. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти уларни қандай ёритган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — барини «Эски газеталар шарҳи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

1933 йил 26 май

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони атиги икки саҳифа чиққан. Газетанинг тўртдан бирини СССР раҳбариятининг баҳорги шудгор ва ғалла йиғим-теримини уюштириш ҳақидаги қарори банд қилган. Яна чорак қисми — пахта далаларидаги чопиқ ишларига, чоракдан камроқ қисми заём сотиш кампаниясига, тахминан шунча саҳифа хориж хабарларига ажратилган. Дарвоқе, хорижда нима гап ўзи? Компартия қўлловидаги матбуот совет жамоатчилигига Германиядаги коммунистлар фашистлар томонидан террор қилинаётгани ҳақидаги хабарларни қизиқ деб ҳисоблаган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони

Газета материаллари орасида «Комхозлар ўз ишларини қайтадан тузсинлар» сарлавҳали кичик мақола бугунги кун ўқувчисига алоҳида қизиқ бўлиши мумкин. Унда Тошкентни чиқиндилардан тозалаш ишлари аянчли аҳволда экани, айрим парклардаги манзаралар ачинарли экани, шунингдек, сув таъминотидаги муаммолар кўрсатиб ўтилган: «Шаҳарнинг баъзи жойларида сувлар трубадан ўта олмасдан қолиб, кўчалар тошиб чиқсалар, баъзи жойларда кўчалардаги ифлос сувлар трубалар ичига кирадилар. Бу аҳвол шаҳар ишчи-меҳнаткашларини соғломлаштириш ишига жуда қаттиқ зарба берадилар».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони

Шу мақола остида берилган «Хроника»даги бир ахборот ҳам эътиборга молик: «Тошкент боғ-парк трестининг қўлида район маҳаллий хўжалик секторларининг топширувига мувофиқ Зангиота ва Қибрайдан келтирилган 17 минг 572 дона дарахт кўчати ўтқазилмасдан қуриб ётади».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони

Асосий мавзуларга — чопиққа қайтайлик. Чопиқ кўнгилдагидек эмасми, у ҳолда шу баҳона нафақат айбдорларни жазолашга, балки «ёт унсурлар»ни ҳайдашга улгуриб қолиш керак. «Колхозга — қаттиқ интизом» материалидаги тафсилот шундай ёндашувдан дарак беради:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 26 май сони

«Йиғилиш колхозга оралаб қолган синфий ётлардан Саъди Мирзаев, Ёмон Тўраев ва Омон Ёмоновни колхоздан ҳайдашга қарор қилди. 4-бригададаги Ражаб Усмонов ҳам 15 кун сабабсиз ишга чиқмагани учун колхоздан ҳайдалди. Замон Бердиёров ёлқовлик қилиб, ўзининг бир кунлик иш нормасини [бир неча] кунда ҳам тўлдира олмагани учун 5 меҳнат куни қирқилди ва бундан кейин ялқовлик қилмаслиги ҳақида сўзи олинди. Бозор Жумабоев, Пўлат Низомов ва Эрназар Зарипов ҳам дангасалик билан иш кўриб келганликларидан „ҳайфсан“ олдилар».

1963 йил 26 май

Марказий газеталарнинг ярми яна Куба етакчиси Фидель Кастронинг Совет Иттифоқига сафари тафсилотлари ҳақидаги ахборот, баёнот, хабарларга бағишланган. «Қизил Ўзбекистон»нинг 1963 йил 26 май сонида эълон қилинган Совет-Куба қўшма баёнотидаги маълумотларга кўра, Фидель Кастронинг СССРга ташрифи 1963 йил 27 апрелдан бери давом этмоқда (шу вақт ичида у Тошкент ва Самарқандда ҳам меҳмон бўлиб кетган). 24 май куни у совет давлати раҳбари Никита Хрушчёв билан бирга дам олгани Сочига келган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони

Куба билан борди-келдилар бир томонлама эмас: газетанинг бошқа бир саҳифасида «Ўзбек мутахассислари Кубага жўнаб кетдилар» сарлавҳали хабар берилган. Таъкидланишича, Озодлик ороли томон теплоходда йўлга чиққан ўзбекистонлик механизаторлар, зоотехниклар, агрономлар, экономистлардан иборат бу делегация Куба деҳқонларига, жумладан, шоли етиштиришнинг прогрессив методларини ва трактор ҳайдашни ўргатади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони

Газетадаги бошқа катта материалларнинг сарлавҳалари даъват ва огоҳлантиришларга ўхшайди. «Машина теримига шу кунлардан тайёрланайлик!» сарлавҳаси остида Сирдарё ишлаб чиқариш бошқармасидаги «Ленинград» колхози пахтакорларининг мурожаати эълон қилинган. «1963 йилда колхозимиз далаларидан 4200 тонна пахта ёки жами ҳосилнинг 82 проценти машиналарда териб олинади», — дейилади бу мурожаатда.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони

Бошқа бир мурожаатнамо мақоланинг сарлавҳаси эса бундай: «Ем-хашак тўғрисида ҳозирдан ғамхўрлик қилайлик». Унда билдирилган фикрлар ва таклифлар Ўзбекистон раҳбариятига жуда маъқул келганидан республикадаги барча вилоят газеталарига ва ишлаб чиқариш бошқармаларининг газеталарига уни кўчириб босиш ҳақида топшириқ берилган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони

«Қизил Ўзбекистон рейди» рукни остида «Вақт ғанимат, уни қўлдан берманг!» сарлавҳали материал берилган. Бу материалдан май ойида табиий офатлар бўлиши доимий ҳолат экани англашилади: «Табиат баъзан инжиқлик қилиб, деҳқонларни ранжитмоқда. Масалан, Поп ишлаб чиқариш бошқармасидаги қатор хўжаликларда катта-катта майдонларда барқ уриб турган ғўзаларни сел ялаб кетди. 5223 гектар ерга қайта чигит экдилар… Жуда кўп бригадаларнинг ғўзалари жаладан қаттиқ зарарланган бўлса-да, парвариш кучайтирилганлиги туфайли шонага кириб қолди».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 26 май сони

1963 йил 26 май

Республика газеталарининг 1993 йил 26 май сонида Ҳиндистон бош вазири Нарасимха Раонинг Ўзбекистонга ташрифи якунларига бағишлаб Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройида ўтказилган матбуот анжумани тафсилотлари берилган. Унда президент Ислом Каримов мухбирларнинг Тожикистондаги вазиятга доир саволларига ҳам жавоб берган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони

«Биз Тожикистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга ҳисса қўшганлигимиздан беҳад мамнунмиз. Тожикистон чегараларини мустаҳкамлаш, унинг халқига моддий ва маънавий ёрдам беришга биринчилардан бўлиб киришдик. Афғонистонга мажбуран олиб кетилган Тожикистон фуқароларини ўз юртига қайтаришга БМТ билан ҳамкорликда ҳаракат қилмоқдамиз. Куни кеча уларнинг биринчи гуруҳи Термизга етиб келди. Биз ислом дини ва унинг маънавий қадриятларини ниҳоятда қадрлаймиз, аммо ислом ақидапарастлигига ҳам, коммунистик ақидапарастликка ҳам мутлақо қаршимиз», — деб таъкидлаган президент Каримов.

Газеталарнинг шу кунги сонида Ўзбекистон президенти 25 май куни БМТ бош котибининг Тожикистондаги шахсий вакили Исмат Китанийни қабул қилгани ҳақидаги ахборот ҳам бор. «БМТ вакили минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш борасида Ўзбекистон раҳбарияти юритаётган сиёсатга, уруш ва табиий офатдан катта талафот кўрган Тожикистон аҳолисига ўзбек халқи кўрсатаётган ёрдамга юқори баҳо берди», — дейилади газеталарда босилган ЎзА ахборотида.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сонида «Термиз-Ҳайратон» кўприги орқали Афғонистондан ўз юртига қайта бошлаган тожикистонликлар ҳақида репортаж берилган. Унда қочоқларнинг бири, 68 ёшли Тойир бобо Олимов тилидан шундай сўзлар келтирилади: «Биз ўша ёқларда туриб ҳамма гапни эшитиб турдик. Давлатимиз бизни қайтариб олмоқчи эканлигини ҳам, Ислом Каримовнинг ёзган хатларини ҳам эшитдик! Ўзбек халқига минг раҳмат! Ислом Каримовга минг раҳмат!». Репортажда Афғонистондаги ўзбеклар етакчиси Абдурашид Дўстум ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирилган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони

Апрель ва май — баҳорнинг тошқинли ойлари. «Бир ҳафтадирки, фарғоналиклар табиий офат оқибатлари билан курашиб, уни бартараф этиш яшаяптилар, десак муболаға бўлмайди», — деб бошланади «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган «Деҳқон кулфатда қолмайди» материалида. Вилоятда кучли ёғингарчилик, селлардан кейинги аҳвол нисбатан оғир, шу боис у ерга парламент раҳбари Шавкат Йўлдошевнинг ўзи вазият билан танишгани, аҳоли ҳолидан хабар олгани борган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони

«Қува туманининг Обидов номли жамоа хўжалигидаги селдан қаттиқ зарар кўрган Жумабой Тўйчиев хонадонида амалий суҳбат бўлиб ўтди. Хонадонга қарашли барча уйлар вайрон бўлган эди. Ҳозир уларнинг ўрнида янги бино қад кўтаряпти. Хонадон соҳиби бундай ғамхўрлик учун республика раҳбариятига, президентимиз Ислом Каримовга миннатдорчилик билдирди. Суҳбатда қатнашганлар табиий офатдан зарар кўрган ҳар бир хонадонга бир қоп ун, 10 килограмм гуруч, пахта мойи ва бошқа кундалик эҳтиёж моллари бепул етказиб берилганлигини алоҳида таъкидлади. Шавкат Йўлдошев табиий офатдан зарар кўрган ҳар бир хўжалик шахсан президентимиз назоратида эканлигини, улар ҳеч қачон кулфатда қолмасликларини таъкидлаб ўтди», — дейилади газета материалида.

Яна нима гап? Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида «Гигант» давлат хўжалигида тошбақа «етиштирилмоқда». Ишни 20 та жонивор билан бошлаган хўжаликда ҳозир 5 мингга яқин тошбақа бор, шунинг 2 мингтасини экспорт қилишмоқчи. «Тошбақа боқиш анча сердаромад соҳага айланиши мумкин, деб тахмин қилинмоқда», — деб таъкидланади мазкур кичик хабарда.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 26 май сони