Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида 2023/2024 ўқув йилидан босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув дастурлари жорий этилади. Бу ҳақда 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси дастурида сўз борган.

Хусусан, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, жамоа бўлиб ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурлари киритила бошлайди. Бунда умумий ўрта таълим муассасаларининг 1−4-синфларида ўқувчилар илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитилади.

5−9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар берилади. 10−11-синф ўқувчиларининг эса қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинади.

Мазкур вазифани бажариш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарлари зиммасига юклатилган. Буни президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов назорат қилади.