Ўзбекистонда Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми ялпи мажлисида айтиб ўтди.

Қайд этилишича, инвесторлар масалаларини тезкор ҳал этиш, уларнинг давлат раҳбари билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш мақсадида президент ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши иш бошлади.

«Мен хорижий компаниялар ва тадбиркорлар билан кўпроқ мулоқот қилишга интиламан. Сизларнинг ғоя, таклиф ва ташаббусларингиз менга куч-ғайрат беради, янги ислоҳотларга ундайди. Шу боис, янги-янги инвесторлар билан тез-тез учрашувлар ўтказишга, сизларнинг юртимиздаги ютуқларингизни шахсан кафолатлашга тайёрман», — деди президент.

Бундан буён, тадбиркор ва инвесторлар судда ўз талабининг тўғрилигини исботлаши шарт эмас. Энди давлат идораси ўз қарорининг қонунийлигини исботлаб беришга мажбур бўлади. Юзага келган ҳар қандай ноаниқликлар эса инвесторлар фойдасига ҳал қилинади.

Қонунларда халқаро арбитраж судлари қарорларини мажбурий ижрога қаратиш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилгани таъкидланди.

«Жорий йилда ҳам тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотларимиз давом эттирилади. Жумладан, халқаро экспертлар кўмагида тарихимизда илк бор Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилади», — деди давлат раҳбари.