Қашқадарё вилояти 1-сонли асаб-руҳий касалликлар диспансери бош шифокори вазифасини бажарувчи ва врачлар маслаҳати комиссияси раиси лавозимида ишловчи шахс пора олишда гумонланиб ушланди. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» хабар қилди.

Маълум қилинишича, шифокор 4 миллион 300 минг сўм пул эвазига фуқарога ногиронлиги тўғрисида хулоса тайёрлаб бериши керак бўлган. Шифокор диспансерда даволангани айтилаётган фуқаронинг касаллик тарихини тўлдириб, уни руҳий касал сифатида қайд этган.

Аслида фуқаро диспансерга келмаган бўлса ҳам, шифокор расмий ҳужжатларни қалбакилаштириб, хизмат хонасида 4,3 млн сўм пулларни олаётган вақтида қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.