7 апрель куни Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига қилган ташрифи давомида аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган 5 та янги ташаббусни илгари сурди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Биринчидан, Илғор инновациялар ҳудудида биофармацевтика, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электротехника, тиббиёт, таълим соҳаларининг 20 та йўналишидаги лойиҳаларига алоҳида имтиёзлар режими жорий қилинади:

  • ер, мол-мулк, фойда ва айланма учун солиқлар ҳамда божхона божларидан 3 йилгача озод қилинади;
  • ер участкалари соддалашган тартибда ажратилади, ер ва биноларни сотиб олишда 5 йилгача бўлиб тўлашга рухсат берилади;
    фоиз тўловларини қоплаб бериш ставкаси 2 баравар оширилади.

Шунингдек, Сирдарёда 500 миллион долларлик инвестиция ҳисобига Ўзбекистон-Хитой биотехнологиялар кластери барпо этилади. Бу кластерда Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан бирга Гулистонда халқаро таълим ва тадқиқот университети, Инновацион тиббиёт клиникаси, Марказий Осиё геном маркази, онкологик касалликларни даволаш учун Ҳужайра терапияси маркази ташкил қилинади.

Шунингдек, кластер томонидан замонавий диагностика қурилмалари, инновацион вакциналар, пробиотиклар ва онкологик касалликлар учун дори воситалари ишлаб чиқарилади. 10 минг талаба учун ўқув бинолари, замонавий кампус, лабораториялар, муҳандислар мактаби ташкил этилади.

Иккинчи ташаббус — вилоятнинг 11 та туман ва шаҳри Хитой модели асосида саноатга ихтисослашади, ҳар бирида инновацион технопарклар ташкил қилинади. Уларда:

  • электротехника, биофармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, ипак ва озиқ-овқат саноатида инновацион лойиҳалар амалга оширилади;
  • эркин иқтисодий зона мақоми берилади ва «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимининг соддалашган тизими жорий қилинади;
  • ишлаб чиқариш бинолари намунавий лойиҳалар асосида қурилиб, тадбиркорларга «саноат ипотекаси» орқали тайёр ҳолда берилади;
  • жорий йилда технопарк инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилади.

Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Сирдарёда Ўзбекистон-Хитой инвестиция жамғармаси ташкил этилади. Бу жамғарма Хитойнинг нуфузли Ипак йўли фонди ва бошқа молиявий ташкилотлари билан бирга ташкил қилинади. Жамғармага 1 миллиард доллар сармоя олиб келинади.

Учинчи ташаббус доирасида Сирдарёда энг илғор агротехнологиялар жорий қилинади. Хусусан, вилоят ҳокимига қишлоқ хўжалигида илм ва инновация жорий қилиш бўйича Хитойдан 2 нафар маслаҳатчи олиб келинади. Сирдарёда ирригация ва мелиорация тизимларини модернизация қилишга хитойлик инвесторлар жалб қилинади.

Шунингдек, Хитой тажрибаси ёрдамида қорамол ва паррандачилик экокомплекслари ташкил қилинади, шўр ва сувсизликка чидамли маккажўхори, сорго, беда каби озуқага бой экин навлари экилади, интенсив анор, қовун, пекан ёнғоғи ва балиқчилик плантациялари ташкил қилинади, мева-сабзавотни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технопарки ташкил этилади.

Шўр ва сувсизликка чидамли экин турлари, чорвачилик наслларини яратиш бўйича Хитойнинг бу йўналишдаги етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Уларнинг филиаллари ташкил қилиниб, қишлоқ ва сув хўжалиги учун кадрлар тайёрланиши ҳамда ер ўзлаштириш, чўлланиш, ирригация ва экология йўналишида илмий-тадқиқотлар олиб борилиши маълум қилинди.

Тўртинчи ташаббус. Сирдарё мамлакатни Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Афғонистон билан боғлайдиган йирик логистика хабига айлантирилади.

Бунинг учун хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда республиканинг шарқий ва марказий қисмларини ҳамда чет эл йўналишларига боғлайдиган янги транспорт маршрутлари ва мультимодал логистика маркази қурилади.

Булардан ташқари, йўлларни қуриш, таъмирлаш ва бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ҳам Сирдарёдан бошланиши қайд этилди.

Давлат тиббий суғуртаси, тиббиётни рақамлаштириш каби ислоҳотлар Сирдарё вилоятидан бошланган эди. Ўзбекистондаги илк тиббиёт кластери ҳам шу ерда барпо этиляпти. Қўшни Қозоғистон ва Тожикистондан ҳар ойда 1,5 минг бемор даволаниш учун Гулистон шаҳрига келмоқда.

Шу боис бешинчи ташаббус доирасида Гулистон шаҳри мамлакатнинг «Инновацион медицина хаби»га айлантирилади.