17−24 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штати, Camp Shelby ҳарбий ўқув базасида ўтказилган «Энг илғор жангчи-2023» мусобақасида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари — кичик сержантлар Турсунов Анвар ва Азамат Кенжаев ҳам иштирок этди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ҳарбий хизматчилар АҚШ Миллий гвардиясининг махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашган.

Мусобақа давомида ўзбекистонлик ҳарбийлар якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 км масофага ориентирлаш, 15 кг юк билан 20 км масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз) каби вазифаларни бажарган.

Шунингдек, артиллерия оловини бошқариш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартлардан ўтган.

Хусусан, улар 15 кг юк билан 20 км масофага марш югуриш шартини 1 соат 54 дақиқа ичида бажариб мусобақа рекордини янгилаган. Мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари энг юқори натижаларни кўрсатган ҳолда ғолиб бўлган.