Ўзбекистонда 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда айрим туманлар уларга озиқ-овқат учун 70 минг гектар қўшимча майдон берилганига қарамасдан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини ўзи таъминлай олмаётгани танқид қилинди. Ҳокимлар мавжуд озиқ-овқат майдонларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан йил охиригача озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича импорт божларидан имтиёз берилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади.

Озиқ-овқат етиштиришни кўпайтириш учун шу йилнинг ўзида 6,2 триллион сўм янгича механизмлар асосида ажратилади.

Жумладан:

  • Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан мева-сабзавотчиликнинг айланма маблағлари учун 700 миллиард сўм ажратилади;
  • аҳолига берилган ерларда кўчат, уруғ, ўғит ва техника етказиб бериш учун жами 500 миллиард сўм берилади.

1 апрелдан 130 миллион доллар маблағ банклар иштирокисиз, тўғридан-тўғри тадбиркорларга ажратилади. Бунда банк устамаси бўлмайди ва тадбиркор бозорга қараганда анча арзон кредит олиш имконига эга бўлади. Ушбу маблағлар маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва харид қилиш, техника сотиб олиш учун 10 йилгача 14 фоиздан ажратилади.

Шу билан бирга, интенсив боғ ва токзорлар, логистика объектлари тайёр қурилиб, тадбиркорларга лизингга берилади. Энди, тадбиркор 20 фоизини олдиндан тўлайди, қолган 80 фоизини 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлайди.

Бунда тадбиркорлар ўз лойиҳаларини Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг шаффоф электрон платформаси орқали тақдим қилади. Вазирлик лойиҳаларни тўғридан-тўғри ўзи молиялаштиради.