Спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Оксана Чусовитина Бокуда ўтаётган Жаҳон кубогининг учинчи босқичини ҳам медаль билан якунлади, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Ўзбекистонлик атлет таяниб сакраш дастурида кумуш медални қўлга киритди. Икки уриниш натижасига кўра, 47 ёшли Оксананинг чиқиши ҳакамлар томонидан 13.433 балл билан баҳоланди. У фақатгина франциялик Колин Деваллардан камроқ балл тўплади.

Шу тариқа спортчи қаторасига учинчи бор Жаҳон кубогида шоҳсупага кўтарилмоқда. Бундан аввалги босқичларда у бронза медалларига сазовор бўлганди.

Таяниб сакраш, аёллар:

  1. Колин Деваллар (Франция) — 13.683;
  2. Оксана Чусовитина (Ўзбекистон) — 13.433;
  3. Линмин Ю (Хитой) — 13.383.

Фото: МОҚ.

У Жаҳон кубогининг Котбус шаҳрида (Германия) ўтган биринчи босқичида 13.016 балл билан бронза медали соҳиби, Доҳада ўтган иккинчи босқичда ҳам 12.916 балл билан бронза медали эгаси бўлганди.