«Газета.uz» 2023 йил 1 мартдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Солиқ текширувлари устидан судга шикоят киритиш мумкин бўлади

Президентнинг 2022 йил 9 ноябрдаги [ПФ-244-сон] фармони билан солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.


2. Олтита янги маҳаллий йўналиш бўйича авиақатновлар йўлга қўйилади

Президентнинг 2022 йил 26 октябрдаги [ПҚ-412-сон] қарорига кўра, ҳудудларни бир-бири билан ўзаро боғлаш мақсадида қуйидаги янги йўналишларда мунтазам авиақатновлар бошланади:

  • Самарқанд — Нукус;
  • Самарқанд — Мўйноқ;
  • Самарқанд — Термиз;
  • Бухоро — Термиз;
  • Наманган — Термиз;
  • Наманган — Нукус.

3. 1 млрд сўмдан юқори давлат харидлари бўйича буюртмаларнинг тўғридан-тўғри ажратилиши тўхтатилади

Президентнинг 2022 йил 9 ноябрдаги [ПФ-244-сон] фармони асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди.


4. Уч босқичли умумреспублика спорт мусобақалари ўтказила бошлайди

Президентнинг 2022 йил 11 апрелдаги [ПҚ-201-сон] қарорига мувофиқ, олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий қилинади:

  • 1-босқичда — туман (шаҳар) мусобақалари;
  • 2-босқичда — вилоят мусобақалари;
  • 3-босқичда — республика (финал) мусобақалари.

5. Унитар корхона шаклида юридик шахс ташкил этиш тўхтатилади

Президентнинг 2022 йил 8 ноябрдаги [ПҚ-415-сон] қарори билан унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклида юридик шахс ташкил этишга йўл қўйилмайди.


6. Тадбиркорлар солиқ қарзини фоизларсиз бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин бўлади

Президентнинг 2023 йил 3 февралдаги [ПҚ-43-сон] қарорига кўра, тадбиркорларнинг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлгача фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.


7. ҚҚС тўловчилар активлари ҳақидаги маълумотни «Е-aktiv»га киритиш мажбурий бўлади

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги [595-сон] қарорига асосан ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар учун қуйидагилар мажбурий ҳисобланади:

  • хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни давлат солиқ органларининг «E-aktiv» автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш;
  • хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик фаолияти давомида товар-моддий захиралар сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида йўқ қилинганда ва камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) сабабли ҳисобдан чиқарилганда уч иш кунидан кечиктирмасдан «E-aktiv» автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш.

8. Юридик шахсларга my.gov.uz орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади

Президентнинг 2022 йил 9 ноябрдаги [ПФ-244-сон] фармонига мувофиқ, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади.


9. Қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади

Президентнинг 2023 йил 7 февралдаги [ПҚ-46-сон] қарорига кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.


10. Қимматли қоғозлар хақида маълумотлар ОАВда эълон қилинади

Президентнинг 2022 йил 8 ноябрдаги [ПҚ-415-сон] қарори асосида иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки кунлик муддатда ОАВ ва (ёки) ўзининг сайтида қуйидаги маълумотларни эълон қилади:

  • қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш, уни тўхтатиб туриш, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш;
  • қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш;
  • қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириши, хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи малака сертификатини бериш.

11. Электр энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлар электрон расмийлаштирилади

Президентнинг 2023 йил 13 февралдаги [ПҚ-54-сон] қарорига мувофиқ, электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотлар мониторинг қилинади.

Шунингдек, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни «E-ma‘muriy ish» тизимига киритиш тартиби жорий этилади.