Февраль ойида профессионал диний маълумотга эга бўлмаган ҳолда «ўзбошимчалик билан шахсий диний тушунчаларини бошқаларга пул эвазига сотишни касб қилиб олган» қатор фуқароларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

Хусусан, Сергели туманидаги «Янги Сергели» маҳалласида жойлашган Yasin academy номли ўқув марказида араб тилини ўргатиш баҳонасида фуқароларга ноқонуний равишда диний таълим бериш ҳолати аниқланган.

Ўқув маркази раҳбари фуқаро А.Н. араб тилини ўқитишга тегишли рухсатга эга бўлмасдан, меҳнат қонунчилигига зид равишда ҳеч қандай шартнома, буйруқларсиз ўзаро оғзаки келишув асосида фуқаролар Н.Ш. ва Ш. И.ларни жалб қилиб, 5 нафар вояга етмаган мактаб ўқувчисига моддий манфаатдорлик эвазига ўз шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда ноқонуний диний таълим берган.

Миробод туманида фуқаро А.Л. Telegram мессенжерида «Танишларим» номли виртуал гуруҳ ташкил қилиб, ҳеч қандай диний билимга эга бўлмасдан 3 нафар фуқарога моддий манфаатдорлик эвазига онлайн тарзда ноқонуний диний таълим бериб келганлиги аниқланган.

Шайхонтоҳур туманидаги «Бўстон» маҳалласида ижарада яшовчи фуқаро К.К. ва унинг турмуш ўртоғи Х.М.лар яшаш манзилида моддий манфаатдорлик эвазига 4 нафар вояга етмаган шахсга ноқонуний диний таълим бергани маълум бўлди.

Таъкидланишиа, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 3-моддасига биноан диний таълим муассасаларидан ташқарида диний таълим фаолияти билан шуғулланиш қонунга хилоф диний фаолият ҳисобланади ҳамда жавобгарликка сабаб бўлади.

Тегишли суд идоралари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддасига (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) мувофиқ, фуқаролар А.Н.га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида, Ш. И., К.К. ва Х.М.га — 5 баробар, Н.Ш.га — 3 баробар, А.Л.га — 1 баробар миқдорда жарима жазоси тайинланди.

Бошқарма диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229−2-моддасига (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) асосан жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтди.