26 февраль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Туркия етакчисини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар ҳамда қардош турк халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Ўзбекистон — Туркия муносабатлари бугунги стратегик шериклик ва ҳамкорликдек юксак даражага кўтарилишида Эрдоғаннинг шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон президенти Туркиянинг жануби-шарқий музофотларида содир бўлган вайронкор зилзилалар муносабати билан яна бир бор далда сўзларини изҳор этди ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

«Туркия президенти, ўз навбатида, энг мураккаб паллада кўрсатилган кўмак учун Ўзбекистон президенти ва қардош халқига чуқур миннатдорлик билдирди. Қутқарувчилар ва тиббиёт ходимларининг фаолияти туфайли ўнлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинди, Ҳатай музофотининг минглаб аҳолисига малакали ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон маданияти ва санъати, зиёлилари ва жамоатчилик вакилларининг саъй-ҳаракатлари катта маънавий кўмак бўлди», — дейилади хабарда.

Мулоқот давомида 2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни сўзсиз амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Бўлажак учрашувлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон — Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити тадбирларига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Туркия президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтди, дейилади хабарда.