23 февраль куни президентнинг «Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори [ПҚ-70-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарор билан иш берувчиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни касаначи сифатида жалб қилишга рухсат берилди. Шунга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари (19 та) рўйхати тўлдирилди.

касаначилик

Фото: «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.

2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 январгача 3 ойдан кўп 30 тадан ортиқ касаначиларни жалб қилган ва у асосида ишлаб чиқарган маҳсулотлардан олган даромади жами даромадининг 60 фоизидан кўпни ташкил этган тадбиркорлар учун:

  • фойда ва айланмадан олинадиган солиқнинг солиқ базаси 50 фоизга камайтирилиб ҳисобланади;
  • айрим давлат мулкиларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови 50 фоиз миқдорда белгиланади;
  • давлат харидлари доирасида тузиладиган шартномаларда буюртмачилар томонидан 50 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади.

«Уста-шогирд» мактаблар ўқувчилари ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда тўлайди.

Кам таъминланган оилаларга болалар пули ва моддий ёрдам беришда уларнинг касаначилик ёки қишлоқ хўжалигига мавсумий жалб қилинган 6 ойгача бўлган даврда олган даромадлари инобатга олинмайди.

Қарорга кўра, Касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, 2023 йил 1 мартдан Жамғарма ҳисобидан тадбиркорларга ҳар бир касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги фаолияти учун 1 ойлик даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

Тадбиркорларга қуйидаги субсидиялар ажратилади:

  • 2025 йил 1 январгача касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш учун БҲМнинг 30 бараваригача;
  • касаначилик асосида уйда ишлаётган ногиронларнинг иш жойини мослаштириш учун БҲМнинг 40 бараваригача;
  • касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишг учун БҲМнинг 2 бараваригача.

Ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун:

  • ҳар бир касаначи учун 2 млн сўмгача, жами 300 млн сўмгача йиллик 14 фоиз, 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача кредит ажратилади;
  • Жамғарма ҳисобидан ҳар бир касаначи учун 1 млн сўмгача, жами 150 млн сўмгача 2 йилгача муддатга фоизсиз ссуда ажратилади.

2023 йил 1 июнгача давлат улуши мавжуд савдо мажмуалари ва деҳқон бозорларида ҳунармандчилик ва касаначилик расталари ташкил этилади.