Ўзгидромет маълум қилишича, 2023 йил 16−18 февраль кунлари А-373 Тошкент — Ўш автойўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

Шунингдек, 14−20 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида, жумладан:

  • Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз туманларида;
  • Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Бойсун туманларида;
  • Самарқанд вилояти: Самарқанд, Ургут туманларида;
  • Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал туманларида;
  • Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида ва Чотқол тизмасининг «Чимён» тоғларида;
  • Наманган вилояти: Поп туманида;
  • Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида қор кўчиш хавфи эълон қилинади.

Аввалроқ, Ўзгидромет 14−18 февраль кунлари 9 та вилоятда ҳамда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганди.