10 февраль куни «Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-21-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Фармонга кўра, тадбиркорлар қуйидаги мезонлар асосида тоифаларга ажратилди:

— кичик тадбиркорлик субъектлари:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • микрофирмалар — таъсисчилари жисмоний шахслар бўлган ҳамда жами даромади йил давомида 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар;
  • кичик корхоналар — жами даромади йил давомида 1 миллиарддан 10 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар;

— ўрта тадбиркорлик субъектлари — жами даромади йил давомида 10 миллиарддан 100 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар;

— йирик тадбиркорлик субъектлари — жами даромади йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган тадбиркорлар.

2023 йил 1 апрелдан:

  • 1 йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 20 бараваридан ошмаган (6 млн сўмгача) қисми қоплаб берилади;
  • даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлар учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади;
  • давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда ҚҚС суммаси инобатга олинмайди;
  • юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.

2023 йил 1 майдан қуйидагилар мажбурий ҳисобланади:

  • автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камераларини ўрнатиш ҳамда уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш;
  • пахта, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимларининг операторлари ўз тизимларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиши.

Шунингдек, тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун (олинган ҳақ, комиссия учун «0» сўм бўлган тақдирда ҳам) электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этади ва расмийлаштиради.