Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Япониянинг Sansho компанияси президенти Aкaзaва Мaсaкини қабул қилди. Учрашувда компания томонидан вилоятда икки босқичда ташкил этиш режалаштирилаётган чиқиндини қайта ишлаш корхонаси лойиҳасини амалга ошириш жараёнлари муҳокама этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, қиймати 10 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа Фарғона туманининг Саткак қишлоғи яқинида жойлашган марказий чиқиндихона ҳудудида амалга оширилади.

чиқиндини қайта ишлаш корхонаси

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Экошаҳар ҳудудидаги чиқиндилар билан бирга чиқиндихона ҳудудидаги чиқиндиларни ҳам қўшиб қайта ишлаш ташкил этилади. Истиқболда чиқиндихона ҳудуди тўла тозаланиб, кичик саноат зонаси ташкил этилиши режа қилинган», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Қайд этилишича, лойиҳанинг биринчи босқичи 3 миллион долларни ташкил этади. Унда Экошаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудлардаги чиқиндиларни ажратиш ҳамда қайта ишлаш бўйича Япония технологиясига асосланган экологик тоза корхона ташкил этиш кўзда тутилган. Биринчи босқич 2023 йилнинг сентябрига қадар ишга туширилиши кутилмоқда.

чиқиндини қайта ишлаш корхонаси

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Иккинчи босқичда чиқиндиларнинг қайта ишлаш мумкин бўлмаган қисмини ёқиш орқали электр энергия ишлаб чиқаришга асосланган корхона қурилади», деб ёзади ҳокимлик ахборот хизмати.

Учрашувда Aкaзaва Мaсaкига Фарғонада давлат рўйхатидан ўтган «Sansho Japan» МЧЖ хорижий корхонаси гувоҳномаси топширилди.