2022 йилда Ўзбекистонда никоҳлар камайиб, ажрашишлар кўпайган. Бу ҳақда Статистика агентлиги томонидан тақдим қилинган Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги асосий демографик кўрсаткичларида қайд этилган.

Таҳлилларга кўра, январь-декабрь ойларида қайд этилган никоҳлар сони 296,7 мингтани ташкил этиб, сўнгги 5 йилда сезиларли камайгани кузатилган. Мисол учун, 2018 йилда 311,4 мингта, 2019 йилда 310,9 мингта, 2020 йилда 296,8 мингта, 2021 йилда 305,2 мингта никоҳ қайд этилган.

2022 йилда никоҳ қурганлар шаҳарларда 149,3 мингтани, қишлоқ жойларида 147,4 мингтани ташкил этди. Никоҳланган аёлларнинг ўртача ёши 22,3 ёшни, эркакларнинг ўртача ёши эса 26,5 ёшни ташкил этган. Никоҳларнинг энг кўпи, яъни 55,5 фоизи 25 ёшгача бўлганлар орасида тузилган.

«Сўнгги 5 йил давомида қайд этилган никоҳлар сони ойлар кесимида таҳлил этилганда, нисбатан кам никоҳ тузганлар сони апрель ва май ойларига, энг кўп никоҳ тузганлар сони эса сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади», — дейилади ҳисоботда.

2022 йилда никоҳдан ажрашишлар сони 48,7 мингтани ташкил этиб, сўнгги 5 йилда сезиларли кўпайгани кузатилди. Мисол учун, 2018 йилда 32,3 мингта, 2019 йилда 31,4 мингта, 2020 йилда 28,2 мингта, 2021 йилда 39,3 мингта ажрашиш қайд этилган.

2022 йилда никоҳдан ажралишларнинг 30,2 мингтаси шаҳарда, 18,5 мингтаси қишлоқ жойларида кузатилган.

«Никоҳдан ажрашганларнинг ўртача ёши эркаклар учун 39,2 ёшни, аёллар учун 33,1 ёшни ташкил этган. Никоҳдан ажрашганларнинг энг кўпи, яъни 50,5 фоизи 35 ёшгача бўлганларга тўғри келади», — дейилади ҳисоботда.

Никоҳдан ажрашганларнинг фарзандлар сони бўйича тақсимланиши қуйидагича: 34,3 фоизи фарзандсиз, 41,9 фоизи бир фарзанди билан, 23,8 фоизи 2 ва ундан ортиқ фарзанди билан ажрашган.