АҚШда ҳаво ходимлари учун NOTAM тизимидаги носозлик туфайли чоршанба куни эрталаб барча ички рейсларга тақиқ жорий этилди, деб хабар бермоқда CNN.

Ҳозирда носозлик бартараф этилган, парвозларга тақиқ бекор қилинган. Федерал авиация бошқармаси (FAA) ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.

6000 дан ортиқ рейслар кечиктирилди, 1000 га яқин рейс бекор қилинган.

NOTAM (Ҳаво миссияларига билдиришнома) учувчиларни учиш-қўниш йўлаги ва аэродром ёпилиши, ускунанинг носозликлари ва маршрут бўйлаб ёки белгиланган жойда бошқа муҳим маълумотлардан хабардор қилади.

АҚШ аэропортлари кунига ўртача 45 мингдан ортиқ рейсларни (2,9 млн йўловчи) қабул қилади. FAA маълумотларига кўра, энг тиғиз пайтларда 5400 тагача самолёт бир вақтнинг ўзида ҳавода бўлиши мумкин.