Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ижтимоий тармоқларда Умра зиёратини адо этиб келган аёлни кутиб олишда унинг қадами остига шолча, кийимлар тўшалгани, ёш боланинг зиёратчи оёғи остига бостирилиши акс этган видеолавҳа юзасидан муносабат билдирди.

Марказнинг қайд этишича, Умра ибодатига бориб келаётган айрим зиёратчилар ва уларнинг яқинлари билган ёки билмаган ҳолда риёкорликка йўл қўйиши кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда сафардан келганларни дабдаба билан кутиб олиш, кўча бошидан пойандозлар солиш ҳолати кўпаймоқда.

«Бу кабилар динимизга мутлақо зид бўлиб, ундай ишларни қилаётганлар ўта жоҳил ва нодон кишилардир. Эҳтимол, бу ишлари билан улар ўзларининг Аллоҳнинг байтига бўлган эҳтиромларини ёки уни тавоф қилиб келган кишига нисбатан ҳурматларини ифодаламоқчидир. Лекин ибодатга ҳурмат-эҳтиром бу тарзда намоён қилинмайди. Аксинча, бу риёкорлик ва оғир гуноҳ. Динимизда ибодатни одамларнинг кўзидан яширишга, кўз-кўз қилмасликка буюрилади. Агарда киши бир амалга „одамлар мени кўриб қўйсин“, — деган қасд билан киришса, шу амали бекорга кетиб, устига-устак гуноҳкор ҳам бўлади», — дейилган баёнотда.

Марказ дабдабали маросимлар учун қилинадиган сарф-харажатларни тежаб, муҳтож кишиларга бериш, болаларнинг таълим олиши йўлида сарфлашни тавсия қилди.